АсосийЖАМИЯТ

Рақобат қўмитасига ярим йилда 23 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди

Бу ҳақда қўмита раиси жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Отабек Усмонов маълум қилди.

'Рақобат қўмитасига ярим йилда 23 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди'ning rasmi

Қайд этилишича, келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 254 таси ёзма, 6 минг 299 таси электрон, 15 минг 615 таси эса оғзаки шаклда бўлган. Оғзаки мурожаатлар шахсий қабуллар, сайёр қабуллар, масъул ходимлар қабули ҳамда ишонч телефони орқали қабул қилинган.

Мурожаатларнинг келиб тушиш манбалари таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар қўмитанинг 1159 қисқа рақами ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушгани аниқланган.

Хусусан, қўмитанинг 1159 қисқа рақами орқали 14 минг 345 та, Президентнинг Виртуал қабулхонаси орқали 6 минг 690 та мурожаат қабул қилинган.

Шунингдек, қўмитанинг расмий электрон манзили орқали 310 та, www.raqobat.gov.uz сайти орқали 342 та, Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхоналари орқали 27 та, қўмита раҳбариятининг шахсий ва сайёр қабуллари орқали 76 та ҳамда масъул ходимлар қабули орқали 124 та мурожаат келиб тушган.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, реклама соҳасидаги муносабатлар, савдо ва хизмат кўрсатиш, коммунал хизматлар, алоқа, транспорт ҳамда қурилиш соҳаларига оид масалаларни қамраб олган.

Қўмита томонидан мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган. Жумладан, ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида кўплаб мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилмоқда.

Шунингдек, мурожаатлар таҳлили асосида 10 га яқин йўналишда тизимли ўрганишлар ташкил этилган.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида 10 миллион 459 минг 182 нафар фуқаронинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига қарийб 59 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Қўмита ҳар чорак якуни бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги маълумотларни расмий ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жамоатчиликка етказиб бормоқда.

Шу билан бирга, қўмита ва унинг ҳудудий органларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати мунтазам ўрганилиб, ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилинмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишда масъулиятсизликка йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилаётгани қайд этилган.

Рақобат қўмитаси келгусида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунчилик талаблари асосида тезкор, холис ва сифатли кўриб чиқиш, тизимли муаммоларни бартараф этиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни давом эттиришини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Рақобат қўмитасига ярим йилда 23 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди - Darakchi.uz