Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида қарийб 100 йиллик 11 туп Зарафшон арчаси ноқонуний равишда қўпориб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 3 август куни Сариосиё туманидаги Сангардак маҳалласи ҳудудида жойлашган Узун ўрмон хўжалигига қарашли майдонда содир бўлган. Текширув давомида бир нечта дарахт қўпорилгани ва уларга зарар етказилгани аниқланган.

Қўмита маълумотига кўра, дарахтларни қўпориш ишлари ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилган. Шунингдек, масъул экологик назорат инспекторларининг огоҳлантиришларига қарамасдан, ишлар давом эттирилган.
Ҳозирда мутахассислар томонидан табиатга етказилган экологик зарар миқдори ҳисоблаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳудудда амалга оширилган қурилиш ишларининг экологик қонунчилик талабларига мувофиқлигига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси текширув якунлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини маълум қилди. Қўшимча ахборот текширув натижаларига кўра жамоатчиликка эълон қилиниши билдирилди.






