Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича янги таклифлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот ўтказилди.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда давлат хизматида кадрларни танлаш, ишга қабул қилиш ва ходимларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилган.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи алоҳида қонун қабул қилинган. Давлат органларидаги бошқарув ходимларининг штат бирликлари 2016 йилдаги 73 мингтадан 54 мингтага қисқартирилган.
Тақдимот давомида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги айрим муаммолар таҳлил қилинган. Қайд этилишича, ҳозирги кунда давлат хизматчилари иш ҳақида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди.
Иш ҳақи фондининг 70 фоизгача қисми эса ходимнинг аниқ натижаларига тўғридан-тўғри боғланмаган турли устама, мукофот ва рағбатлантирувчи тўловлар ҳисобига шаклланади.
Бу эса бир хил лавозимда ишлайдиган ва ўхшаш вазифаларни бажарадиган ходимлар ўртасида иш ҳақи бўйича катта тафовутларни келтириб чиқармоқда. Айрим вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларидаги ходимлар маоши ҳокимликлардаги худди шундай лавозим эгалари билан солиштирилганда тенглик тамойилига тўлиқ мос келмаслиги қайд этилган.
Шунингдек, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги айтилди. Ҳозирда турли давлат органларида меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига оид 50 дан ортиқ норматив ҳужжат амал қилмоқда.
Шу муносабат билан давлат фуқаролик хизматчилари учун ягона, очиқ ва натижага асосланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Янги тизим 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига ажратилади. Ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига бўлинади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш таклиф қилинган. Бунда амалдаги кўплаб устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови белгиланади.
Жумладан, ходимнинг малака даражаси, функционал вазифаларни бажариши, ижро интизоми, ташаббускорлиги ҳамда самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида устама тўланиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижаларга эришган ходимларга ҳисобот даври якуни бўйича бонус тўловлари бериш таклиф қилинмоқда.
Ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмаслиги белгиланади. Туман ва шаҳарларда штат бирликлари ҳамда иш ҳақи миқдорини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади.
Янги тизимга кўра, ҳар бир давлат хизматчиси ўз иш ҳақи қандай шаклланиши, қайси натижалар учун устама ёки бонус олишини олдиндан билиши мумкин бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ва эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, бонус тўловлари ходимларнинг замонавий ахборот технологиялари, жумладан, сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларни ўзлаштириши, малакасини ошириши ҳамда касбий ривожланиши каби аниқ мезонлар асосида белгиланиши қайд этилди.






