АсосийЖАМИЯТ

Пезешкиён истеъфоси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Пезешкиён телевидение орқали мурожаатида лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини билдирган.

'Пезешкиён истеъфоси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди'ning rasmi

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ўзининг истеъфога чиқиши ҳақида ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларни рад этди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.

Пезешкиён телевидение орқали мурожаатида лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини билдирган.

“Агар истеъфога чиқмоқчи бўлсам, буни очиқ эълон қилардим. Мен истеъфога чиқмайман ва курашни давом эттираман”, деган Эрон Президенти.

Шунингдек, у олий раҳбар Можтаба Хоманаий ҳамда мамлакат қуролли кучлари билан ўртасида келишмовчилик мавжудлиги ҳақидаги даъволарни ҳам инкор этди.

“Барча давлат тузилмалари тўлиқ ҳамжиҳатликда фаолият юритмоқда. Ҳар қандай келишмовчилик юзага келган тақдирда ҳам, қуролли кучлар Хоманаий томонида бўлишини ҳамма яхши билади”, деган Пезешкиён.

Аввалроқ Эрон мухолифатига яқин айрим оммавий ахборот воситалари Пезешкиён бир неча бор истеъфо бериш ҳақида ариза ёзганини иддао қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинлик жорий йилнинг февраль ойида Вашингтон ва Исроил Теҳронга қарши қўшма ҳарбий амалиёт бошлаганидан кейин янада кучайган. Бунга жавобан Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган ҳудудларга дрон ва ракеталар билан зарбалар йўллаган.

Апрель ойида икки томон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Кейинчалик июнь ойида Покистон воситачилигида ҳарбий можарони тугатиш ва барқарор тинчликка эришишга қаратилган англашув меморандуми имзоланган.

Бироқ июль ойида ушбу келишув барбод бўлиб, томонлар қарийб икки ҳафта давомида ўзаро зарбалар алмашди. Кейинроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп музокаралар бошланганини маълум қилиб, бомбардимонлар тўхтатилганини эълон қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Пезешкиён истеъфоси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди - Darakchi.uz