1

Гўшт нархи нега қимматлашяпти? Вазирлик сабабларини айтди

ИҚТИСОДИЁТ 26.10.2020, 20:18
Гўшт нархи нега қимматлашяпти? Вазирлик сабабларини айтди

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилнинг сентябрь ойида кузатилган инфляция даражаси ҳақида маълумотларни эълон қилди. 

Унга кўра, жорий ойда истеъмол нархлари индекси ойлик 1,4 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 1,3 фоизга тенг бўлган.

Қайд этилишича, гўшт маҳсулотларининг нархи сентябрда 3,8 фоизга ўсган. Хусусан, қўй гўшти — 5,7 фоизга, мол гўшти — 5–5,4 фоиз оралиғида, қийма — 4,2 фоизга, колбаса — 1,8–1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари — 0,3 фоизга қимматлашган. Шунингдек, ёғ ва мойлар нархи ўртача 2,3 фоизга кўтарилган

Вазирлик маълумотларига кўра, сентябрь ойидаги инфляцион динамика таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нархлар ўсишининг асосий сабаби озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг конюнктураси бўлиб, бу ўз навбатида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, нон маҳсулотлари ва тухум нархларининг қимматлашиши, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг мавсумий ошиши билан изоҳланади.

Юқорида санаб ўтилган маҳсулот гуруҳларидан, биринчи навбатда, гўшт нархи ўсишининг асосий сабаблари қуйидагилардир:

- ем-хашак базаси учун хом ашё, хусусан, пахта хом ашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17, 21 ва 27 фоизга ошишига олиб келган;

- Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортининг қисқариши. Мисол учун, 2020 йилнинг 8 ойлик натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 минг бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;

- 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган умумий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши. 

Шу билан бирга, 2020 йил январь—сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Бундан ташқари, 2020 йил январь—сентябрь ойларида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган.

"Гўшт нархи ўсиши ташқи омиллар таъсиридан ташқари, ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган дейиш мумкин. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик маълумотида.

Келтирилишича, ички ва ташқи хавфлар бироз пасайган бўлса-да, дунёда коронавирус билан касалланишнинг кўпайиши ва мамлакатда карантин чораларини қайта жорий этилиши маҳсулот таъминотидаги узилишларга олиб келиб, охир-оқибат айрим товар бозорларига талаб ва таклифдаги номутаносибликлар пайдо бўлишига, бундан ташқари Ўзбекистонда инфляциянинг мос равишда тезлашишига таъсир қилиши мумкин.

Озиқ-овқат нархлари динамикасининг ўзгарувчанлиги, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сақлаш тизим занжирини тўлиқ шаклланиши билан боғлиқ. Бунда, таъминот ҳажми ва барқарорлигини оширишга, маҳсулот сифатини яхшилашга ва натижада йўқотишларни камайтиришга ва сақлаш муддатини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар уларнинг таъсирини тенглаштиришга ёрдам беради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1