Озарбайжоннинг Барда шаҳри Арманистон томонидан ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлганлар сони 20 кишига етди. Бу ҳақда Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Гаджиев маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс». Ҳикмат Гаджиев ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларни шаҳарга ташриф буюришга ва вайроналарни кўришга таклиф қилган. «Улар ҳеч нарсада айбдор бўлмаган кишилар эди. Арманистон Қуролли кучлари «Смерч» кассетали ракеталардан фойдаланди. Биз Human Rights Watch ва Amnesty International’ни жиноят жойини бориб кўришга таклиф қиламиз», — дея маълум қилган Гаджиев. Озарбайжон Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Барда шаҳрига уюштирилган ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар сони 19 кишини ташкил қилади, 60 нафардан ортиқ одам жароҳат олган. Дастлаб Бош прокуратура конвенция билан тақиқланган кассетали ўқ-дорилар ёрдамида амалга оширилган ҳужум оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Назорат идорасининг маълумотларига кўра, зарба савдо объектлари жойлашган ва одамлар кўп тўпланадиган жойга берилган. Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон томонининг Барда шаҳрига Арманистон томонидан зарба берилгани ҳақидаги баёнотини тасдиқламаган.
| |
28.10.2020 21:49