Пандемия таъсирида даромадларнинг камайиши билан кўпчилик бозордаги нарх-навонинг кўтарилишидан ёзғирадиган бўлиб қолди. Табиийки, келаётган қиш-баҳордаги ҳосилсиз мавсумда озиқ-овқат тақчиллигининг юзага келиши ва нархларнинг кўтарилиб кетиши эҳтимоли юзага келади. Савдогарга “нархни тушир” дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Лекин ҳар бир ҳудуд ўз аҳолиси сонидан келиб чиқиб, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг жон бошига тўғри келадиган миқдорларини ҳисоблаб чиқиши яхши. Бу миқдорга етадиган захира қилиниши эса аълодир. Шундай қилинмоқда ҳам. Наманган вилоятига қилган ташрифимиз чоғида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳам бу бўйича қилинаётган ишларни маълум қилиб, баъзи таклифларини биз билан бўлишди.

“ЎТГАН ЙИЛЛАР ДАВОМИДА ТОПШИРИҚЛАР ҚОҒОЗДА ҚОЛИБ КЕТДИ”
— Барчангизга маълумки, 2020 йилнинг 16 октябрь куни Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар белгилаб берилди... Захирани шакллантириш ҳақида олдин ҳам чора-тадбирлар бўларди. Аммо ўтган йиллар давомида топшириқлар қоғозда қолиб кетди. Тадбиркор кредит ололмасдан, омбор топа олмасдан ва бошқа муаммолар боис захира маҳсулотини ярата олмай қоларди. Президент топшириғига кўра энди ҳокимликлар томонидан жамғарма ташкил этиладиган бўлди.
НАМАНГАН ХАЗИНАСИДА ҚАНЧА МАБЛАҒ БОР ВА У ҚАНДАЙ САРФЛАНМОҚДА?
— Наманган вилояти ғазнасида 3-чорак якуни бўйича 41 миллиард сўм бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан қолган пул бор. Унинг 10 фоизи миқдоридаги маблағ, яъни 4 миллиарддан 12 миллиард сўмгача “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтар рўйхатидаги аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш учун, 10 миллиарди вилоят озиқ-овқат заҳира фондини яратишга ишлатилади. Қолган 19 миллиард сўми эса аҳоли билан учрашувлардаги кўтарилган долзарб масалаларни ечиш учун сарфланади. Ҳозиргача 5 та тумандаги халқ билан мулоқотлардан сўнг улардаги муаммолар ечими учун 10 миллиард сўм йўналтирилди. Ушбу маблағларни ёнига аҳолимиз, меҳнаткашларимиз ўз билак кучлари, техникалари билан 10 миллиард сўмлик иш ҳажми қўшиб, уни 20 миллиардга айлантирдилар. Учқўрғон, Норин, Чортоқ, Косонсой, Наманган туманларида мана шу 20 миллиард сўмлик хажмдаги ишлар бажариб бўлинди. Унинг назоратини халқнинг ўзи амалга оширди.
“БЕШ ЙИЛ АВВАЛ МОЛИЯДАН 50 МИЛЛИОН СЎМНИ БИР ЙИЛ ОЛОЛМАГАНМАН”
— Бундан беш йил аввал Наманган туманига ҳокимлик қилган пайтимда анжуманлар залини таъмирлаш учун молиядан 50 миллион сўмни бир йил ололмаганман. Ҳозир туман ҳокимлари ихтиёрида 1-2 миллиард сўм атрофида пул бор. Уни бемалол туман ривожи, халқни рози қилишга ишлатишлари мумкин. 4-чорак якунлари бўйича ҳам режаларимиз катта. Унинг ошириб бажарилган қисмидан 15 миллиардни вилоят озиқ-овқат заҳира фондига ажратамиз. Шу тариқа бизда 25 миллиард сўмлик озуқа заҳираси барпо бўлади. Бу баҳоргача нархларни кўтарилиб кетиши олдини олади.

АҲОЛИ ЖОН БОШИГА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ҲАЖМИ ЎСГАН
— Ўтган йиллар давомида амалга оширлган ислоҳотлар натижасида, аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми ўсди. Жумладан, бугунги кунда аҳоли жон бошига бир йилда 54,1 кг гўшт тўғри келиб, 2017 йилга нисбатан 6,1 кг ортган. Шунингдек, аҳоли жон бошига тухум 213 дона (2017 йилга нисбатан 43 донага ортган), картошка 99,3 кг (2017 йилга нисбатан 17 кг ортган), сабзавотлар 297,7 кг (2017 йилга нисбатан 24 кг ортган) ташкил этган.
ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА АҲОЛИ ТАЛАБИ ҚАНДАЙ?
— Бугунги кунда вилоятимиз аҳоли сони 2 млн 834 минг нафарни ташкил этиб, мёъер бўйича аҳоли истеъмоли учун келгуси 6 ой давомида 39,7 минг тонна гўшт, 21,0 минг тонна товуқ гўшти, 10,1 минг тонна балиқ, 74,6 минг тонна картошка, 13,9 минг тонна гуруч, 128,6 минг тонна ун, 15,6 минг тонна шакар, 12,9 минг тонна ўсимлик ёғи, 283,5 миллион дона тухум, 9,5 минг тонна пиёз ва 27,8 минг тонна сабзи маҳсулотлари талаб этилади.


ЭҲТИЁЖ, ЗАХИРА, ОМБОР ВА МАБЛАҒ...
— Ҳудудий тайёрловчи корхоналар ва ташкилотлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари томонидан жорий йилнинг 1 декабр кунига қадар 66 минг тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (35 минг тонна картошка, 14 минг тонна пиёз, 11 минг тонна сабзи ва 6 минг тонна гуруч) захирага жамғаришни режалаштириб олдик. Ушбу мақсадлар учун жами 220,6 млрд.сўм, шундан, 141,6 млрд. сўм корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари, 46,1 млрд. сўм тижорат банклари кредити, 7,9 млрд. сўм бюджет маблағлари, 25,0 млрд. сўм ҳокимлик жамғармалари сарфланиши режалаштирилди. Ушбу маҳсулотларни заҳирага жамғариш учун жами 80 минг 917 тонна сиғимга эга 722 та (омбор 655 та жами сиғими 26,7 минг тонна, совуткичли камера 67 та жами сиғими 54,2 минг тонна) омбор ва совутгичли камералар тайёр ҳолатга кетирилган.


ВИЛОЯТДА ҚАЙСИ МАҲСУЛОТЛАР ТАҚЧИЛЛИГИ БОР?
— Таҳлилларимизга кўра, вилоятда асосий 8 турдаги маҳсулотдан нархи ошиб кетиш хавотири бўлган 4 та маҳсулот бор. Биринчидан, гўшт маҳсулоти. Уни ўзимизда ишлаб чиқариш етарли, бироқ гўштни Тошкентга ва бошқа вилоятларга сотиш ҳолатларини тўхтатиб бўлмайди, тадбиркор буни ўзи белгилайди. Иккинчидан, гуруч, истеъмолимизга етмайди. Чунки ерларимиз водийда жойлашган. Ҳаммаси ҳисоб-китобли ва сувни юқори жойларга олиб чиқиш муаммоси мавжуд. Учинчидан, шакар. Биласиз, ҳозир республика бўйича шакар ишлаб чиқариш йўқ. Биз ҳам четдан олиб келамиз. Бунинг учун ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган жамғарма маблағларидан фойдаланамиз. Кейингиси эса ўсимлик ёғи. Бу ҳам вилоятда етарли эмас, очиқ айтишимиз керак.
МУАММО БОР. ЕЧИМИЧИ?
— Гуруч маҳсулотини дастлаб Хоразм вилоятидан олиб келиниб 500 тонна миқдорида захираси шакллантирилса, шакар ва ёғ маҳсулотлари учун Россиянинг 4 та ҳудуди билан мутахассисларимиз томонидан музокаралар олиб борилмоқда. Келишувлар асосида жамғарма маблағлари ҳисобидан 500 тонна шакар ва 500 тонна ёғ маҳсулоти захираси шакллантирилади. Шунингдек, мол гўшти маҳсулотларини етиштириш ва сотиш мақсадида тадбиркорлар томонидан Қирғизистон давлатидан тирик вазнда 38-40 минг сўмдан вазни 360-400 кг.лик 1000 бош қорамол (бунда 400 бош қорамол тадбиркор ҳисобидан, қолган 600 бош қорамол жамғарма маблағлари ҳисобидан) етказиб келинади. Олиб келинган ҳайвонлар Чортоқ туманида парвариш қилинади. Тайёр бўлган гўшт маҳсулотлари марказий бозорларда 46 минг сўмдан сотилиши таъминланади. Бозор талабидан келиб чиққан ҳолда кунига 6 тонна гўшт сотиш режалаштирилмоқда. Парранда гўшти маҳсулотлари етиштириш ва сотиш “Наманган зарбдор парранда” МЧЖ томонидан таъминланади. Тадбиркор томонидан кунига 3 тоннагача парранда гўштини ички бозорларда 15 минг 100 сўмдан сотиш имконияти мавжуд. Ҳозирда бозорлардаги нарх 18-20 минг сўмни ташкил этмоқда. Картошка маҳсулоти Қирғизистон давлатидан 1000 тонна олиб келинади. Олиб келинган картошка ички бозорларда 3 200 сўмдан, пиёз маҳсулоти ҳам Қирғизистон давлатидан 1000 тонна олиб келиниб, ички бозорларда 1 600 сўмдан сотилиши таъминланади.


“АГАР ШУНИ МАЙДА ИШ ДЕМАЙ, АРАЛАШСАК, ҲАЛ ҚИЛИБ БЕРСАК, НАРХ ТУШГАН БЎЛАРДИ”
— Кўп бозорларда деҳқонларимизга шароит яратиш масаласи бор. Эрта тонгдан улар бозорга келиб, маҳсулотини сотади. Соат эрталаб 8 дан кейин “бозоркомлар” уларни бозорга киритмайди. Агар шуни майда иш демай, аралашсак, ҳал қилиб берсак, нарх тушган бўларди. Нима учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун улгуржи бозор ташкил қилмаймиз? Илгари шунақа бозорлар бўларди, ҳозир йўқ. Деҳқонга жуда қийин. Бечора жой топа олмасдан бозор ўртасидаги йўлакка қопини қўйиб сотади. 8 дан кейин “олибсотарлар” маҳсулотларни бир-икки баравар қимматига сотади. Нима учун шаҳарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича улгуржи савдо майдони бўлмаслиги керак? Бу масалага ҳал этиш учун сектор раҳбарлари, бозор уюшмаси, давлат солиқ бошқармаси кучли эътибор бериши лозим.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ





