Олий Мажлис Сенати мажлисида "Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзолари учун давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонун маъқулланди.
Қонун ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига пенсия тайинлаш, уни ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартибини ягона ҳуқуқий асосда белгилайди.
Ҳужжатга кўра, 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар учун пенсиянинг максимал миқдори 75 фоиздан 100 фоизга оширилади. Бу тартиб амалда пенсия олаётган ва календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчиларга ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, хизмат вақтида ҳалок бўлган ёки хизматда олган жароҳати ва касаллиги оқибатида вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш бўйича давлат кафолатлари кучайтирилади.
Қайд этилишича, қонун пенсия таъминоти масалаларини Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчилик асосида тартибга солишга қаратилган.






