Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Қабулдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг мурожаатларини бевосита ўрганиш, уларни қонуний тартибда ҳал этиш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни янада кучайтиришдан иборат.
Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти судлари раҳбарлари ўринбосарлари, судьялар ҳамда масъул ходимлар ҳам иштирок этди. Фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мутасаддиларга бевосита мурожаат қилиб, ҳуқуқий ечим ва тартиб-таомиллар бўйича тушунтиришлар олди.
Қабул давомида 854 та иш бўйича 1 279 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 403 та ариза ва шикоят қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди, 410 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Эътиборлиси, 41 та мурожаат қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди. Бундай сайёр қабуллар аҳолининг муаммоларини жойида ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимининг очиқлиги ва аҳоли билан бевосита мулоқотини таъминлашга хизмат қилмоқда.






