Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. У Японияга талаба визаси билан кирган, аммо виза муддати тугаганидан сўнг ҳам мамлакатда қолган ва кейинчалик ҳокимият томонидан қўлга олинган.
Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистондаги Япония элчихонаси ноқонуний қолиш ёки ишлаш ҳолатларида ҳибсга олиш, иммиграция марказига жойлаштириш ва депортация каби қатъий чоралар кўрилишини эслатди.
Шунингдек, Япония томони қоидабузарлар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълумот бериши, юртга қайтгандан сўнг уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкинлиги таъкидланган.






