Ўзбекистонда риэлторлик соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги қонун 7 август куни имзоланган.
Ҳужжатга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги риэлторлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Риэлтор бўлиш учун талабгор махсус ўқув курсини тамомлаб, малака имтиҳонидан ўтиши ва сертификат олиши керак. Риэлторлик ташкилоти ҳамда кўчмас мулк агентлари эса Ягона реестрга киритилганидан сўнг фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонунда риэлторлик хизматларининг асосий турлари ҳам белгиланган. Улар қаторига кўчмас мулк битимларида воситачилик қилиш, савдоларни ташкил этиш, ишончли бошқарув, шунингдек, ахборот, маслаҳат ва реклама хизматлари киради.
Шунингдек, хусусий сектор томонидан мултилистинг тизимини жорий этиш назарда тутилган. У орқали риэлторлик хизматларини "ягона дарча" тамойили асосида кўрсатиш ва электрон шаклда ахборот алмашиш имкони яратилади.






