Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Наманганнинг Амир Темур кўчасидаги собиқ “Кичкинтойлар боғи”да олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби хабар қилди.
6 гектарни эгаллаган мазкур ҳудудда UMS Holding асосчиси, асли наманганлик бўлган тадбиркор Алишер Усмонов томонидан Халқаро бизнес маркази қурилиши режалаштирилган. Ушбу марказ Конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотларини ўз ичига олади. Бу ерда сунъий кўллар, фавворалар, автотураргоҳлар барпо этилади.
Бир муддат мазкур марказ қурилиши тўхтаб қолган ва унинг келажаги борасида саволлар туғилаётганди.
— Халқаро бизнес маркази қурилиши баҳор ойларидан бошланади. Бу ерда келгусида халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали Наманганга инвестициялар кириб келиши жадаллашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар яратилади. Мазкур марказ Наманганнинг ўзига хос брендига айланади, — деди вилоят ҳокими.
Маълумот учун, Алишер Усмонов томонидан Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида 6400 квадрат метр майдонга эга 4 қаватли замонавий кутубхона ҳам қуриб битказилмоқда.







