Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳрида ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Тошкентда тантанали кутиб олинди.

Спортчилар махсус чартер рейс орқали пойтахтга етиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти, спорт жамоатчилиги ҳамда мухлислар кутиб олди.

Тантанали тадбирда Абдулла Арипов Ўзбекистон делегациясини Осиё ўйинларида қайд этилган тарихий натижа билан табриклади. Шунингдек, спортчиларга президент Шавкат Мирзиёевнинг табриги етказилди.

Ўзбекистон вакиллари мусобақада 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза — жами 70 та медални қўлга киритди. Бу натижа мамлакатга умумжамоа ҳисобида 5-ўринни, Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаш имконини берди.
Осиёнинг 45 давлатидан 10 608 нафар спортчи иштирок этган мусобақада Ўзбекистон вакиллари қатор спорт турларида юқори натижаларни қайд этди.






