Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Давлат раҳбари учрашувда тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар, ер ажратиш, рухсат олиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, уч йил аввал бошланган лойиҳа доирасида Янги Тошкентда инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби муҳим объектлар қурилишига катта маблағ йўналтирилмоқда. Ҳозирга қадар шаҳарга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган.
Шу билан бирга, хусусий секторни қурилишга жалб қилиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.
Янги Тошкент учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Янги аэропорт қурилиши билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш имконияти мавжуд.
Айни пайтда минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тадбиркорларга эса ҳозиргача 94 гектар ер ажратилган.






