АсосийЖАМИЯТ

Илк маротаба Бош прокуратура Академияси магистратураси негизида янги мутахассислар тайёрлашга асос солинди (фото)

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси фаолияти билан яқиндан та...

'Илк маротаба Бош прокуратура Академияси магистратураси негизида янги мутахассислар тайёрлашга асос солинди (фото)'ning rasmi

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида  ОАВ учун пресс-тур бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда Академиядаги рақамлаштирилган таълим тизими, назария ва амалиётнинг қай даражада уйғунлаштирилгани, “ProAcademy” ахборот-таълим электрон портали, Ахборот-ресурс марказидан фойдаланишдаги қулайликлар каби қатор янгиликлар билан яқиндан танишиш имкони туғилди...

Лотин тилидаги Et docere et discere servitute legis” – “Қонунга хизмат қилиш йўлида ўқитиш ва таълим олиш” шиори Академия  ходимларининг кундалик ҳаётда амалга ошириб бораётган ғоясига айланиб улгурган. Мазкур шиорнинг ҳам кичик тарихи бор экан.

Евгений Коленко, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи:

— Академияда 2 йил давомида 40 йиллик прокурорлик тажрибасига эга фалсафа фанлари доктори таклиф қилинган профессор сифатида ишлаган. Улардаги таълим хусусияти шундаки, лотин тилига жуда катта эътибор қаратишади, шу боис кўпгина иборалари лотин тилида. Et docere et discere servitute legis” – “Қонунга хизмат қилиш йўлида ўқитиш ва таълим олиш” шиорини ҳам айнан шу профессор Академия учун махсус тақдим қилган.

Прокуратура соҳасининг тарихига келадиган бўлсак, бу узоқ йилларга бориб тақалади. Суд-ҳуқуқ тизими тарихи, прокуратура тизимини шаклланиши бўйича тадқиқот қилаётган соҳа вакили айнан шу тадқиқот доирасида архивдан авваллари кўрилмаган ҳужжатни топди. Унга кўра, бу йил октябрь ойида прокуратурадаги касбий таълимга 100 йил тўлди. Аниқроғи, 1920 йилда прокуратура ходимлари ҳуқуқ посбонлари лавозимида (ҳам адвокат, ҳам прокурор бўлиб) ишлаган экан. 

Бош прокуратура Академияси Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган. 

Академиянинг тузилмаси: 3 та марказ, 7 та кафедра, 9 та бўлимдан иборат. 

Академия энг муҳим 2 та йўналишдан иборат: 

1. Таълим йўналиши;

2. Илмий-тадқиқот ҳамда таҳлилий маълумот фаолияти.

“PROACADEMY”АХБОРОТ-ТАЪЛИМ ЭЛЕКТРОН ПОРТАЛИ ИШГА ТУШИРИЛДИ 

Академия тузилганида, унинг фаолиятини такомиллаштираётганда қандай муаммолар юзага қалқиб чиққан ва уларга қандай ечим топилди?

— Муаммолар жуда кўп бўлган. Асосий муаммо бу – контингентни қамраб олиш эди. Яъни, прокуратура ходимларини узлуксиз таълим билан таъминлаш мақсадида уларни вақти-вақти билан тизимли равишда малакасини ошириш лозим бўлган. Бироқ статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, 2007 йил Олий ўқув курслари тузилган бўлса, 2017 йилга қадар бор йўғи 4000 нафардан ошиқ прокуратура ходимлари малакасини оширган, бу – 1 йилда ўртача 400 нафар ходим дегани. Бундан кўринадики, ўқитилиши лозим бўлган ходимлар контингенти етарлича қамраб олинмаган, буни амалга ошириш учун эса салкам 30 йил керак бўлган. Ўз-ўзидан кўринадики, бу тизимнинг самарадорлиги жуда паст эди. Энг асосий сабаблардан бири эса моддий техник база бўлмаган, малака ошириш учун 2 тагина аудитория билан чекланилган. Таълим тизимида ҳам анъанавий ўқитиш усулидан фойдаланилган.

Албатта, “Мазкур муаммоларни қандай ҳал қиламиз?” деган савол ўртага ташланган. Аввалига Экстенсив усул – ҳудудий филиалларни ташкил қилиш, кадрлар сонини кескин кўпайтириш орқали эришиш фикри ҳам йўқ эмасди. Бироқ бунга талайгина кадрлар ва катта маблағ талаб этиларди. Шу боис бу усулга танқидий қаралди. 

Танловимиз Интенсив усулда тўхтади, аниқроғи иновацион технологияларни жалб қилиш орқали янги даражага чиқишни мақсад қилдик. Таълим жараёнини тўлиғича рақамлаштиришни олдимизга вазифа қилиб қўйдик. 

2018 йил ноябрида Академияда асосий иш жойидан ажралмаган ёки қисман ажралган ҳолда таълим олишга мўлжалланган “ProAcademy” ахборот-таълим электрон портали ишга туширилиб, унинг воситасида ўтган давр мобайнида 5 100 нафар ходим ўқитилди.

Академия мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ва жорий этилган бир қатор дастурий маҳсулотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан муаллифлик гувоҳномаларини қўлга киритди.

Бугунги кунда “ProAcademy” ахборот-таълим электрон портал орқали Академиянинг барча фаолиятини рақамлаштирган. Таълим ва бошқарув жараёнлари, ҳужжатларнинг айланиш тизими шулар жумласидан. 

Қисқа вақт ичида Академияда замонавий талабларга жавоб бера оладиган, прокуратура органлари олдига қўйилган вазифаларни самарали бажара оладиган янги формациядаги кадрларни тайёрлашга қаратилган зарурий ўқув-илмий салоҳият шакллантирилди. Ўқитишнинг эски шакл ва услублари тубдан қайта кўриб чиқилиб, фан, таълим ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқаси ва алмашинувига асосланган илғор инновацион таълим технологиялари жорий этилди.  

Академия ташкил топганидан сўнг академик таълим ва амалиёт ўртасидаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш, прокуратура органларини прокурор-тергов фаолиятининг турли йўналишлари бўйича зарур кўникма ва компетенцияларга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш имконини берадиган прокуратура органларида лавозимларни эгаллашга номзодларни касбий қайта тайёрлашнинг мутлақо янги модели яратилди.

Прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш модели ҳам қайта кўриб чиқилиб, босқичма-босқич замонавийлаштирилди. Ушбу курслар тингловчиларнинг фаолиятни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услублари, бошқарув асосларини эгаллашга қаратилган билимлари ва кўникмаларини чуқурлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, касбий фаолиятга асосланган компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган. 

Прокуратура органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш ва прокурор-тергов фаолиятининг илғор натижаларини ўзлаштириш, таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилияти, ҳуқуқий таҳлил, хорижий тилларни билиш  ва касбий фаолиятда муваффақиятларга эришишга кўмаклашувчи бошқа кўникмаларни шакллантиришга қаратилган малака ошириш дастури модернизация қилинди.

Ходимнинг бутун фаолияти давомида узлуксиз ва тизимли таълим олишини таъминлаб берадиган малака ошириш тартиби жорий этилди. Унга кўра, прокуратура органларининг ҳар бир ходими 3 йилда камида 1 марта, давомийлиги 1 ойдан кам бўлмаган малака ошириш курсида таҳсил олади.

Академия томонидан ўқув режа ва дастурларини тузишда Бош прокуратура тармоқлари ва қуйи турувчи прокуратуралар билан қайта алоқа механизмларидан фойдаланишнинг мажбурийлигини белгиловчи тартиб ўрнатилди. Мунтазам равишда сўровлар асосида ходимларнинг таълимга бўлган ўзгариб борувчи эҳтиёжлари диагностика қилиниб, унинг натижалари таълим жараёнини ташкил этишда инобатга олинади. Бу ўз навбатида назария ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқасини таъминлашга хизмат қилади. 

Ўқув дастурлари ҳам қайта алоқа материалларининг таҳлили, хусусан амалиётда мавжуд тизимли камчиликлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг асосий муаммоларини умумлаштириш натижаларини ўзида акс эттирган.

Академиянинг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири сифатида давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа масалалари бўйича малакасини оширишнинг белгиланиши алоҳида аҳамиятга бўлган янгилик бўлди.

Ўтган давр мобайнида 6 000 нафарга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат хизматчилари Академияда таҳсил олди.

КАРАНТИНДА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ ТЎЛИҚ МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ РЕЖИМИГА ЎТКАЗИЛДИ

— Карантин чоралари жорий этилиши натижасида Академияда барча йўналишлар бўйича таълим дастурлари тўлиқ масофавий таълим режимига ўтказилди.

Академия қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган маълумотларни алмашиш, педагог, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг стажировкаларини тизимли равишда ташкил этиш соҳаларида фаол ва самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. 

Ҳозирга қадар 30 дан зиёд етакчи илмий ва таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, 20 нафар хорижий мутахассис узоқ муддатли асосда ўқув жараёнига жалб қилинди.

Талабалар алмашинуви дастурларини амалга ошириш бўйича эришилган келишувлар асосида Академия магистратураси талабалари ҳозирги кунда етакчи хорижий таълим муассасаларида таҳсил олишяпти.

Академияда она тили – инглиз тили бўлган хорижий мутахассислар жалб қилинган ҳолда тингловчиларга юридик инглиз тилини чуқур ўқитиш ташкил этиб келинмоқда.

2019 йилда Академиянинг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган етарли аудитория фондига эга бўлган янги биноси фойдаланишга топширилди. Махсус хоналар (полигонлар) суд жараёнларини моделлаштириш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва бошқа амалий машғулотларни ҳақиқий шароитларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказиш имконини беради. Тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш бўйича амалий ва махсус кўникмаларни шакллантириш мақсадида вазиятли ўқув машғулотлар тизимли равишда ташкил этиб келиняпти.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, академияда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашга асос солинди. Республикада илк маротаба Академия магистратураси негизида “Прокурорлик фаолияти” ва “Тергов фаолияти”, шунингдек мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида энг долзарб ва юқори талабга эга бўлган “Коррупцияга қарши курашиш” мутахассислиги бўйича тор доирадаги мутахассислар тайёрлашга асос солинди.

Магистратурадаги ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида ташкил этилиб, ўқитишнинг амалий хусусиятига ва прокуратура органларининг касбий фаолияти билан узвий боғлиқлигига асосланади. Академиянинг ўқув жараёнига амалиётга асосланган ва компетенциявий ёндашув жорий этилиб, фаолиятнинг барча соҳалари рақамлаштирилиши замонавий ахборот-таълим муҳитида инновацион узвийликка ўтиш ҳамда электрон (масофавий) таълим механизмларини тўлиқ жорий этиш имкониятини берди.

АКАДЕМИЯ 13 МИНГДАН ОРТИҚ АДАБИЁТЛАР ФОНДИГА ЭГА

Мазкур Ахборот-ресурс маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, илмий ресурсларнинг йирик агрегатори EBSCO publishing, E-library Илмий электрон кутубхонаси, Asian Journal of Comparativ Law, ProQuest диссертация ва диплом ишлари базасига уланган бўлиб, шунингдек Академияга Scopus, Mendeley, ScienceDirekt ва Springer Nature ахборот платформалари ва ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Академияда уч мутахассислик бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича Илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Республикамизда биринчи бўлиб, “12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура”, шунингдек 12.00.12 – “Коррупция муаммолари” мутахассисликлари бўйича илмий даражаларини бериш бўйича илмий кенгашлар фаолияти айнан Академияда ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этади.

Академиянинг олий ўқув юртидан кейинги таълим институти томонидан илмий кадрлар тайёрлаш фаолияти амалга оширилиб, унда бугунги кунда 12 нафар докторант ва 38 нафар мустақил изланувчи илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида идоралараро илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва уларни мувофиқлаштириш мақсадида Академия ташаббуси билан хуқуқ фани тарихида биринчи марта ИИВ, ДХХ, ДБҚ, ДСҚ, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Судьялар олий кенгаши таълим муассасаларидан ташкил топган Илмий-тадқиқот консорциуми ташкил этилди.

Академиянинг профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан 150 дан ортиқ ўқув, услубий ва амалий қўлланмалар, монографиялар ва бошқа махсус адабиётлар тайёрланди ва чоп этилди.

Академия жамоаси 18 та халқаро лойиҳани, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-техник дастурлари доирасида 5 та илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширишга жалб этилган.

Академия томонидан Бош прокуратура Академиясининг Ахборотномаси илмий-амалий журнали чоп этилиб, у юридик фанлар бўйича диссертацияларнинг асосий илмий натижаларини чоп этиш учун ОАК томонидан тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.

Академиянинг Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази фаолияти алоҳида эътиборга молик. Бунда таҳлилий, илмий ва эксперт салоҳиятини юксалтириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида кадрларни ўқитиш ва касбий тайёрлаш, шунингдек, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кабилар асосий фаолият йўналишлари сифатида белгиланди.

Шунингдек, Академияда жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалга оширилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллашитириш соҳасида илмий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида жиноятчилик ҳолатини тизимли мониторинг қилиш механизмлари жорий этилган.

Академия мутахассислари жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар таркибида фаолият юритиб келмоқда. Академия ходимларининг юқори салоҳияти истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловида, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендияли танловида ҳамда IJET, JICA, E4J, RGSL ва бошқа халқаро танловлар ва дастурларда эришилган ғалабалар билан тасдиқланади.

Ўтган даврда Академия мунтазам равишда юриспруденциянинг муҳим масалалари бўйича мутахассисларнинг мулоқот ва ҳамкорлик қилиши учун халқаро майдон яратиш ташаббуси билан чиқди. Конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказишда халқаро даражадаги академик мобиллик ва билимлар трансферини таъминлаш майдончаси яратилди.

Академия жамоаси том маънодаги халқ прокуратураси учун қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари принципларига садоқатли ходимлар тайёрлаш тизимини янада мустаҳкамлаш йўлида доимий изланишда.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар