Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, 13 август куни Афғонистон ҳудудидан Панж дарёсининг Тожикистон томонидаги соҳилига ўқ узилган. Оқибатда Тожикистоннинг Дарвоз туманидаги Даштак қишлоғида яшовчи 21 ёшли аёл ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида "Толибон" ҳаракати ва унга мухолиф кучлар ўртасида қуролли тўқнашувлар кучайган. Бу ҳолат Тожикистоннинг чегара ҳудудларидаги хавфсизликка таҳдид солмоқда.
Тожикистон томони, шунингдек, Афғонистон ҳудудидан ўқ узилиши натижасида давлат ҳаво ҳудуди бузилгани ва чегара яқинидаги аҳолининг уй-жойларига зарар етказилганини билдирган.
Тожикистон Афғонистон томонини давлат чегараси дахлсизлигини ҳурмат қилишга ҳамда бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун самарали чоралар кўришга чақирган.
Маълумот учун, Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Тожикистоннинг Дарвоз тумани ва Ғарбий Помир ҳудудлари билан чегарадош.






