Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида конференция ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупция, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов тизимда ўз ечимини кутаётган қатор масалаларга тўхталди...

– Коррупцияга қарши курашишда суднинг ўрни беқиёс. БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясида суд ва одил судлов сўзлари 56 маротаба такрорлангани бежиз эмас. Чунки адолат бор жойда коррупция бўлмайди. Одил судловсиз эса инсон ҳуқуқлари поймол бўлади, одамлар давлатга ишонмай қўяди, коррупция авж олади. Юртимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш борасида жуда катта ишлар олиб бориляпти. Авваламбор,
- Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
- Биринчи маротаба Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва вилоятлар, Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ маъмурий судлар ташкил этилди.
- Тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш мақсадида 85 та иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
- Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда очиқ ва ошкора, муқобиллик тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Ушбу кенгашнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида унинг таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари чиқариб ташланди.
- Суд тизими ходимларини тайинлаш ва малакасини ошириш мақсадида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди.
- Судларнинг моддий техника билан таъминлашни мустақил ҳал этиш учун Олий суд тизимида махсус департамент ташкил этилди.
- Вилоят судлари томонидан ишларни назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир–бирини такрорловчи инстанциялар тугатилди.
- Судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникациялар, технологиялар жорий этилди. Келиб тушган даъво аризалари, суд ишларини электрон тартибда рўйхатдан ўтказиш, процессуал муддатларда риоя қилиниши устидан онлайн мониторинг қилиш имкониятини берувчи электрон база яратилди. Бу эса суд тизимини коррупциядан ҳимоя қилишда жуда катта самара беради, суд ҳужжатларининг очиқлигини таъминлайди.
- Олий Мажлис хузурида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссия ташкил этилди.
- Ўтган давр мобайнида комиссия ташаббуси билан судларни моддий техника билан таъминлаш масаласида вилоят ҳокимликлари ва парламент сўровлари юборилди.
- Судлар фаолиятини молиялаштириш юзасидан Молия вазирлигининг ахборот парламенти эшитилди.
- Судьялар дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари: Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида аниқланган ҳолатлар комиссия томонидан танқидий кўриб чиқилиб, бу борадаги қарорлар тегишли мутасадди идораларга юборилди. Судьяларнинг ҳаёти ва соғлигини мажбурий суғурта қилиш, уларни ижтимоий қўллаб–қувватлаш, судьлар ва оила–аъзоларининг пенсия таъминоти билан боғлиқ низомлар тасдиқланди.
- Бугунги кунда судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида қонун лойиҳаси устида иш олиб бориляпти.
Тўғри, коррупциянинг олдини олишда одил судловнинг ўрни ниҳоятда катта. Бироқ одил судловнинг ўзини таъминлашдаги ҳали ҳануз долзарб бўлиб турган масалаларни ҳал қилишимиз керак. Бу борада ўз ечимини кутиб турган масалалар бор. Шу маънода, фуқароларимизнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштироки кенгайяпти. Давлат органларини халқ манфаатидан келиб чиқиб, очиқ ишлашга ҳаётнинг ўзи мажбур қиляпти. Уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати кундан кунга кучаймоқда. Мулкдорлар сони ошиб, хусусий мулкка эътибор ошяпти. Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ортяпти. Албатта буларнинг бари эндиликда замонавий ва ўз ҳуқуқини яхши биладиган фуқароларимизнинг эҳтиёжини қондира олади. Яъни, ҳар қандай низони адолатли ва тез ҳал этишга қодир бўлган судлар кўришини тақазо этяпти.
Бинобарин, жорий йилнинг июнида парламент аъзолари томонидан жойларда олиб борилган мулоқотлар давомида суд ишларида ортиқча бюрократия, суд қарорларини қайта кўришда такрорловчи босқичлар ва бошқа қатор масалалар жамоатчилик вакиллари томонидан айтиб ўтилганди. Айтиш жоизки, Президентимизнинг жорий йилнинг июлида имзолаган Фармони ана шундай муаммоларга ечим бўлди.
- ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ...
Хусусан, Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри судлари ташкил этилади. Бу эса жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролик ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.
- МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИШ ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРГА ЎТКАЗИЛАДИ
Эндиликда туман, шаҳар маъмурий судлари негизида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу эса ўз навбатида маъмурий судларга муайян тумандаги ҳокимият органларининг турли тазъйиқларидан ҳоли ва мустақил фаолият юритишларига имкон беради. Бундай судларни ташкил этишдан асл мақсад, яъни фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти–ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратади.
- ТАРАФЛАРНИНГ СУДДА ТОРТИШУВЧАНЛИК ВА ТЕНГЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ
Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутмоқда. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта судларнинг мутсақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.
- СУД ИШЛАРИНИ НАЗОРАТ ТАРТИБИДА КЎРИШ ИНСТАНЦИЯСИ ТУГАТИЛМОҚДА...
Эътиборлиси шундаки, Фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали бир суд – бир инстанция тамойили жорий қилинмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилмоқда. Судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар, тадбиркорларнинг сарсон бўлиши олди олинади. Қолаверса, қўшимча равишда аҳолиси кўп ва марказдан узоқ айрим ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларнинг ташкил этилиши ушбу ҳудуд аҳолисининг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
- ЭНДИ ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ҲОКИМ ТОМОНИДАН ОЛИБ ҚЎЙИЛМАЙДИ...
Фармонга мувофиқ, Олий суд тузилмасида Суд ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасининг тузилиши эса суд ҳокимиятининг қонун ижодкорлиги фаолиятида профессионал иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу ҳолат ҳозирнинг ўзида ўз самарасини кўрсатяпти.
Масалан, биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида 10 га яқин қонун лойиҳаси Олий суд томонидан парламентга киритилди. Энг асосийси, Олий суд томонидан нафақат судлар фаолиятига оид, балки айнан мулкдорларни ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини ташаббус қилаётгани депутатлик корпуси томонидан юксак баҳоланяпти. Энди ер участкаларини олиб қўйилиши ҳоким томонидан амалга оширилмайди, бу фақат халқ депутатлари кенгаши қарори билан ҳал бўлади.

1,5 ЙИЛ ИЧИДА СУДЛАР ТОМОНИДАН ҲОКИМЛАРНИНГ 2 МИНГДАН ОРТИҚ ҚАРОРЛАРИ БЕКОР ҚИЛИНГАН
Президентимизнинг жорий йил 30 июнда ўтказган видеоселекторда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис депутатлари томонидан жорий йилнинг сентябрида ҳам ҳудудларда одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларида мулоқотлар олиб борилди. 3 мингга яқин респондентлар орасида аноним сўровлар ўтказилди. Ўрганиш натижаларига кўра, қуйидагилар маълум бўлди:
Авваламбор, фуқаролар ва тадбиркорлар муайян давлат органи ёки мансабдор шахснинг қарори ва хатти–ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқидан самарали фойдаланяпти. Хусусан, охирги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино иншоотларини бузиш ва хусусийлаштиришга оид қарийб 2 мингдан ортиқ қарорлари бекор қилинган.
- Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта,
- уй–жой бузилишига оид 51 та,
- хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган. Албатта бундай ҳолат одамларнинг судга ишончини оширади.
Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идораларнинг суд фаолиятига аралашиш ҳолатларига чек қўйилаётгани яққол сезиляпти.
Судлар фаолиятига замонавий ахборот–коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётгани судга мурожаат этишда фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик яратаётгани ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминлаётганини кўрсатяпти.
Шу билан бирга албатта жойларда судьялар, тадбиркорлар, аҳоли ва жамоатчилик томонидан бу соҳада мавжуд қатор масалалар ҳам кўтарилди, юздан ортиқ таклифлар ҳам келиб тушди. Улардан қуйидагилар диққатимизни тортди:
ФУҚАРО МЕРОС ГУВОҲНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИ РАД ЭТИШ ҲАҚИДАГИ НОТАРИУС ХАТТИ-ҲАРАКАТИ УСТИДАН ҚАЙСИ ОРГАНГА ШИКОЯТ ҚИЛСИН?!
Биринчидан, маъмурий судлар ва фуқаролик ишлар бўйича судлар ўртасида айниқса мерос гувоҳномаларини расмийлаштиришни рад этиш ҳақидаги нотариуснинг хатти-ҳаракати устидан шикоятни судловга тааллуқлиги бўйича масалалар келиб чиқяпти.
Масалан, мерос гувоҳномасини расмийлаштиришни рад этиш ҳақидаги нотариус хатти-ҳаракати устидан шикоят қилинса, маъмурий суд нотариуснинг рад этиш ҳақидаги қарори йўқлигини кўрсатяпти. Фуқаролик ишлари бўйича судлар эса бу тоифадаги ишлар бўйича ҳали мерос очилмаганлигини айтяпти. Нотариус эса масала низоли бўлгани сабабли уни фақат суд ҳал қила олишини рўкач қиляпти. Натижада фуқаро қайси органга мурожаат қилишини билмай қоляпти.
Худди шу каби ҳолат: фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судлар ўртасида судловга тааллуқлилик масаласини қайта кўриб чиқиш ва айрим низоларнинг қайси судга тааллуқлилиги бўйича аниқлик киритишга ҳам эҳтиёж туғиляпти.
ТЕГИШЛИ ОРГАН ВА МАНСАБДОР ШАХСНИНГ ҚАРОРИ ВА ХАТТИ-ҲАРАКАТИ УСТИДАН АРИЗА, ШИКОЯТ БЕРИШ МУДДАТЛАРИ 6 ОЙГА УЗАЙТИРИЛАДИМИ?
Иккинчидан, маъмурий суд ишларини юритиши тўғрисидаги кодексга асосан тегишли орган ва мансабдор шахснинг қарори ва хатти-ҳаракати устидан ариза, шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган вақтдан эътиборан 3 ой ичида судга бериши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, аксарият ҳолларда фуқаролар судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тўлиқ англаб олиши, далиллар тўплаши, мутахассислар билан маслахатлашиб кўп вақт сарфлаётгани маълум бўлди. Қолаверса, мансабдор шахслар томонидан низоли қарорларнинг ўз вақтида берилмаслиги туфайли судга шикоят бериш муддатлари ўтиб кетишига ҳам сабаб бўляпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларида белигланган ушбу процессуал муддатни 3 ойдан 6 ойга узайтириш таклифи келиб тушяпти.
МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИККА ЯРАШУВ ИНСТИТУТИНИ КИРИТИЛАДИМИ?
Учинчидан, амалдаги жиноят қонунчилигида тарафларнинг ярашуви муносабати билан жиноят ишларининг тугатилиши белгиланган. Бироқ маъмурий судлов соҳасида ярашув институти жорий этилмаган. У эса турли майиший, оилавий низоларни халқимизга хос бўлган муроса йўли билан ҳал этиш имконини бермаяпти. Шундан келиб чиқиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка ярашув институтини киритиш таклифи тушяпти.
МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКС ВА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАЛАРИНИ АЛОҲИДА-АЛОҲИДА ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ТАКЛИФ БЕРИЛДИ
Тўртинчидан, бугунги кунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар, уларга бериладиган жазо, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган. Ушбу кодекс бундан 26 йил аввал қабул қилинган. Бугунги кунга қадар 140 маротаба ўзгартириш киритилган, бу эса гоҳида чалкашликларга олиб келади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекс ва Маъмурий ҳуқуқбузарлик процессуал кодекси лойиҳаларини алоҳида-алоҳида тайёрлаш бўйича таклифлар бўляпти. Бунда Маъмурий ҳуқуқбузарлик процессуал кодексида Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришга ваколатли органлар Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ва қайта кўриш, қарорларни ижро этиш тартиби ва Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳуқуқий ҳимоя ҳамда бошқа процессуал масалани киритиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланмоқда.
МАНСАБДОР ШАХСНИНГ НОҚОНУНИЙ ҚАРОРИНИ БЕКОР ҚИЛИШДА ЎЗ ЕЧИМИНИ КУТАЁТГАН МАСАЛАЛАР БОР...
Бешинчидан, ҳар қандай суд қарори унинг ижроси билан кучли. Суд ҳужжатининг барча учун мажбурий экани авваламбор конституциямизда мустаҳкамланган. Суд қарорларини ижро этишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлса, Ички ишлар органлари, мулкни ундириш билан боғлиқ бўлса МИБ томонидан амалга оширилади. Булар борасида махсус қонунлар бор. Лекин номулкий низолар бўйича чиқарилган қарорлар, айниқса маъмурий судлар томонидан мансабдор шахснинг ноқонуний қарорини бекор қилиш, мажбурият юклаш ва қарорларни мажбурий ижро этишда ўз ечимини кутиб турган масалалар ҳам бор. Судлар томонидан ижро варақаси берилмайдиган ишларнинг мажбурий ижросини таъминлаш механизмини ўйлаб кўриш лозим.
СУД ТОМОНИДАН ЖАРИМА ТАЙИНЛАНГАНДА ҲАМ ЖАРИМАДАН ОЗОД ҚИЛИШ МУМКИНМИ?
Олтинчидан, ижро ишини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар маъмурий жарималарни тўлашдаги ноқулайликларнинг олдини олиш имконини беряпти. Хусусан, жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланиб, унга кўра ҳуқуқбузар ўзига жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан эътиборан 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий тўласа, жариманинг қолган қисмидан озод қилиняпти. Бу эса интизомли тўловчилар учун қўшимча рағбар ҳисобланиб, белгиланган жарималарни ўз вақтида тўлаш имконини беряпти.
Бироқ юқоридаги соддалаштирилган тартиб суддан ташқари бошқа маъмурий органларга тааллуқли бўлиб, ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима тайинланганда бу тартиб қўлланилмайди. Шу сабабли ушбу тартибни суд томонидан жарима солинган ҳолатларга нисбатан ҳам қўллаш бўйича жуда кўп таклифлар келиб тушяпти. Бу таклифларни чуқурроқ ўрганиб кўриш лозим. Балки буни барча суд қарорларига нисбатан татбиқ этиб бўлмас, низосиз бўлган ишлар ва санкцияда назарда тутилган жазодан ҳам камроқ жазо қўллаш ҳолатлари бўлмасагина бу усулни қўллаш керакдир...

МОДДИЙ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАНЛАР ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИМИ?
Еттинчидан, давлат божи тўғрисидаги янги қонун қабул қилингандан сўнг давлат божини тўлаш ставкалари мақбуллаштирилди. Бироқ соҳадаги бир қатор қонуности ҳужжатлари ҳанузгача кучида, улар ҳақида ҳам бир тўхтамга келиш лозим.
Бундан ташқари, учрашувларда шу аниқландики, моддий имконияти чекланган шахслар белгиланган давлат божини тўлай олмагани сабабли ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятидан фойдалана олмаяпти. Шунга асосан, судларга фуқаронинг моддий ахволига қараб, уни давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳуқуқини бериш масаласини ҳам кўриб чиқиш таклифи ҳам тушяпти.
МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ УНДИРИШ УЧУН МАБЛАҒ АЖРАТИШ ВА СУД ҚАРОРИНИ ТАЪМИНЛАШ МЕҲАНИЗМИ ОЧИҚ ҚОЛЯПТИ
Саккизинчидан, судлар томонидан 2017 йилдан ҳозирга қадар 2 миндан ортиқ шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган. Реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш процессуал қонунчиликда белгиланган бўлсада, бироқ ушбу мақсадлар учун маблағ ажратиш ва суд қарорини таъминлаш меҳанизми очиқ қоляпти. Шу сабабли реабилитация қилинган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришнинг аниқ механизмини белгилаш таклиф этиляпти.
СУДЬЯЛАР ВА СУД ХОДИМЛАРИ КУНИ...
Тўққизинчидан, суд соҳасида минглаб фидоийлар фаолият юритяпти. Адолат тарозусини ушлаб турган касб эгалари учун Судьялар ва суд ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун устида ҳам бош қотиришнинг вақти келгандир.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






