Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи — Президент матбуот котиби Шерзод Икромович Асадов Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Шерзод Асадов мазкур давлат мукофоти билан мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ахборот соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари учун тақдирланган.
Шерзод Асадов 2021 йил март ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Ушбу лавозимга тайинланганида Президент Шавкат Мирзиёев Асадовнинг хорижий тилларни билиши, дунё кўргани ва ахборот соҳасидаги вазифаларни бажариш салоҳиятини алоҳида таъкидлаган.
Шерзод Асадов 2015–2017 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ёрдамчи бўлиб ишлаган. 2017 йилдан Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида фаолият юритган ва 2018–2020 йилларда мамлакатнинг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган.
2020 йил март ойидан 2021 йил март ойига қадар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлган.
2021 йил март ойида эса Президент матбуот котиби лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига мувофиқ, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ юртдошлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.






