АсосийЖАМИЯТ

Олий суд Пленуми қарори нафақат ОАВ вакиллари, балки судьялар учун ҳам аниқ чегараларни белгилаб берди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тара...

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида 3-4 декабрь кунлари журналист ва блогерларнинг судлар билан алоқа қилиш ва суд жараёнларини ёритиш борасида кўникмаларини ривожлантириш ва малакасини ошириш бўйича Тошкент вилояти Паркент туманидаги "Edelweiss Hotel & Resort" тоғ ҳордиқ чиқариш масканида тренинг ташил қилди. Унда газета, телерадиоканаллар, сайтлар вакиллари иштирок этди.

Тренингни очиб берган Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов Президентимиз ташаббуси билан суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган тарихий ислоҳотларни қатъият билан амалга ошириш жараёнида, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ОАВ ўта муҳим ўрин тутаиши, Олий суд ОАВнинг ана шундай муҳим ўрнини эътиборда тутиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни амалга ошириб келаётгани ва албатта икки кунлик тренинг ҳам ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига қаратилган муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

“СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ ҲАМ, ОАВНИНГ ҲАМ АСОСИЙ МАҚСАДИ ЖАМИЯТДА ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ”

Азиз Обидов, Олий суд матбуот хизмати раҳбари:

- Президентимиз Конституциямизнинг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда ОАВ қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши кераклигини таъкидладилар. Олий суд ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик, айниқса, журналистларнинг сермашаққат меҳнати, фидойилигини юксак қадрлайди. Чунки судлар билан ОАВ ўртасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйилиши:

Биринчидан, Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни, бу борада қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тўғрисида кенг жамоатчиликка холис ва ҳаққоний ахборотни ўз вақтида етказиш;

Иккинчидан, судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлашга, аниқроқ айтганда, таъсирчан жамоатчилик назоратини шакллантиришга;

Учинчидан, халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Журналистлар томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Фақат ягона талабимиз шуки, газета, сайтларда чоп этилаётган материаллар холис, ҳар қандай шубҳа-гумондан холи, беғараз ва қонуний асосларда ёзилган бўлиши керак. Чунки биргина нохолис фикр ёки суд қарорини нотўғри талқин қилиниши кенг жамоатчилик ўртасида нотўғри тасаввурни шаклланишига, охир-оқибат эса, одил судлов сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳолбуки, суд ҳокимиятининг ҳам, ОАВнинг ҳам асосий мақсади – жамиятда қонунустуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш орқали уларнинг ишончини янада оширишдан иборат. Ишонамизки, икки кунлик тренинг суд ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, журналистларнинг суд жараёнларини ёритиш борасидаги кўникмаларини бойитиш ва малакасини янада оширишга хизмат қилади.

“СУДЬЯ ҚАРОРИ БИЛАН ТАНИЛИШИ КЕРАК, ЎЗИ БИЛАН ЭМАС”

Тренинг давомида Олий суд судьялари суд органларини ОАВ ва жамоатчилик билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари ҳақида батафсил тушунчалар беришди. 

Шамсиддин Тожиев, Олий суд судьяси, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзоси:

- Судлар ва ОАВнинг ўзаро ҳамкорлиги, журналистларнинг суд жараёнларида иштирок этиб, уни ёритиш баробарида нафақат фуқароларни маълум бир жиноят ишидан бохабар қилиш, балки ҳуқуқбузарликлар, жиноятларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшади. Суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи амалга оширилишини, шунингдек, судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорининг қабул қилингани аввал юзага келган кўпгина ноаниқликлар, муаммоларга ечим бўлди. Аниқроғи, мазкур қарорда хоҳ жиноят, хоҳ маъмурий ёки иқтисодий, фуқаролик ишларни кўриш жараёнида ОАВнинг иштирокига қандай ҳолатларда рухсат берилади-ю ва аксинча иштирок этолмаслиги батафсил ёритиб берилган. Бу нафақат ОАВ вакиллари, балки судьялар учун ҳам аниқ чегараларни белгилаб берди.

Аслида суд қарори муҳокама қилиниши керак, судья эмас. Боиси агар ҳақиқатдан судьянинг чиқараётган қарорлари эътирозларга сабаб бўлиб, адолатсиз бўлса, хато қилса, нафақат юқори турувчи инстациялар, балки ўша судьяларнинг фаолиятини ҳар тарафлама текшириб ҳуқуқий баҳо берадиган ҳуқуқий орган – Судьялар олий кенгаши бор. Шу нуқтаи назардан судья қарори билан танилиши керак, ўзи билан эмас. 

“СУДЬЯЛАР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР ДАРЁНИНГ ИККИ ҚИРҒОҒИДА КЕТАЁТГАН ОДАМЛАРГА ЎХШАЙДИ”

 Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти Беруний Алимов ҳам cуд қарорлари муҳокамаси борасида ўз фикрларини билдириб ўтди:

– “Судлар қабул қилган қарорни журналист, блогер ёки ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари шахсий фикрларини билдирган ҳолда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиши қай даражада мантиқан тўғри?” деган саволни кўндаланг қўйсак яхши бўларди. Боиси чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги юзасидан охирги нуқтани Олий суд қўяди. Шундан экан, журналист, блогер ўз шахсий фикрларини билдиришдан сал тийилгани маъқул. Боиси одамларимиз судьяларга нисбатан, журналистларга кўпроқ ишонади, чунки у халққа яқинроқ-да. Биз 21-асрнинг бор йўғи 20-йилини энди яшаб бўляпмиз. Агар юқорида таъкидланганидек йўлдан борадиган бўлсак, келажакда одам ахборотни эмас, балки ахборот одамни бошқарадиган бўлиб қолади. Ахборотнинг қулига айланиб қолмайлик. Шу маънода барча ўз ишини бажаргани маъқул. Ўтказилаётган тренинг эса журналистларнинг янада ихтисослашувига қўйилган бир қадам. Аслида судьялар ва журналистлар дарёнинг икки қирғоғида кетаётган одамларга ўхшайди. Лекин ҳар иккисининг ҳам мақсади бир – одил судловни таъминлаш ва Ўзбекистонда демократик жамият қуришга ўз ҳиссасини қўшиш. Бироқ айрим журналистлар “судларнинг эшиклари биз учун ёпиқ”, деб ўйлайди. Қайсидир маънода бу фикрлар ўринли. Лекин иккинчи тарафни ҳам тушуниш лозим бўлган – ҳар доим ҳам суднинг эшиклари очиқ бўлолмаслиги ҳолатлари бор. Бироқ мақсад бир, судья ва журналистлар иккита қирғоқдан кетаётган экан, бундай тренинглардан ижобий маънода фойдаланиб олиш керак. 

“НАФАҚАТ СУД МАЖЛИСИДАГИ ҲОЛАТЛАРНИ ҚАЙД ЭТИШ, БАЛКИ ҲЕЧ ҚАНДАЙ РУХСАТСИЗ ОВОЗ ЁЗИБ ОЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА”

Қобилжон Комилов, Олий суд судьяси, Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори ўртага ташланган барча таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қизғин муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Иқтисодий судларда ишлар очиқ суд мажлисларида кўрилади. Фақатгина давлат ва тижорат сири билан боғлиқ ишларгина ёпиқ суд мажлисларида кўрилади. Ҳатто, Иқтисодий процессуал кодексда тарафларнинг нафақат суд мажлисидаги ҳолатларни қайд этиши, балки ҳеч қандай рухсатсиз овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга, шу жумладан, журналистларда ҳам. 

Фақатгина журналистлар қайси ОАВ вакили эканликларини билдириб қўйишса, суд мажлиси баённомасига киритиб қўйилади. Боиси журналистларнинг мажбуриятлари нималардан иборат экани, яъни: қарор қабул қилинмай туриб, бир томонлама фикр ёки суднинг қабул қиладиган қарорига таъсир қилувчи ахборотни эълон қилмаслик лозимлиги тушунтириб ўтилади. Фақатгина видео ва фото тасвирга олиш учун тарафларнинг розилигини олиш лозим. Боиси бу жараён шахснинг шахсий ҳуқуқи билан боғлиқ жараён. 

“ОАВ ВАКИЛЛАРИ УЧУН СУДЛАРНИНГ ЭШИКЛАРИ ДОИМ ОЧИҚ, БИРОҚ...”

Давлат Бобоноров, Олий суд судьяси, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати аъзоси:

- Ҳар қандай қонун ўз ижроси билан ўз кучи ва аҳамиятга эга.Олий суд Пленуми қарори судлар томонидан қандай татибда амалга оширилаётгани барчага бирдек қизиқ бўлиши шубҳасиз. Гоҳида “судьялар ноқонуний қарорлар қабул қиляпти, ОАВ вакилларининг суд жараёнида иштирок этишига рухсат берилмаяпти”, деган фикрлар қулоққа чалиниб қолади. Олий суд Пленуми қарори ва Фуқаролик процессуал кодекс, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Жиноят процессуал кодексида ОАВ билан ишлаш тартиблари белгилаб қўйилган. 

Масалан, Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддаси (“Суд муҳокамасининг ошкоралиги”), Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 13-моддаси (“Суд муҳокамасининг ошкоралиги”)да “Судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади”, дейилган. Аниқроғи, суд жараёнига алоқаси бўлмаган – суд йўналиши борасидаги билимларини ошириш ёки ахборот олиш мақсадида келганлар, жумладан ОАВ вакилларининг иштироки таъминланади. Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио ва видеоёзуви эса амалга оширилмайди. Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда, ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди. Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

            Баъзан журналистлардан “Давлат сири йўқ-ку, нега суд жараёнида иштирок этишга рухсат берилмаяпти”, деган эътирозлар бўлади. Тўғри, журналистнинг вазифаси бу – маълумот олиш, айниқса омма эътиборида бўлган маълумотларга эга бўлишга кўпроқ интилишади. Лекин бу жараёнда тарафларнинг шахсий ҳуқуқлари борлигини ҳам унутмаслик лозим. Асосий мақсадимиз эса судларда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўғри ёритиб бериш. ОАВ вакиллари учун судларнинг эшиклари доим очиқ, фақатгина бир-биримизни хурмат қилган ҳолда жараённи холис етказиб берсак бас. 

“ТРЕНИНГЛАР БУ ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН ЭМАС, БАЛКИ СУДЬЯЛАРГА КЎПРОҚ ФОЙДА”

   Тренингда БМТ Тараққиёт дастури экперти Джеймс Бриндлей муҳокамаларга видеоконференц тизими орқали қўшилиб, “Одатда судья ва журналистлар орасида мунозаралар бўлиб туради. Шу маънода улар учун амалиётдаги тушунмовчиликларни ҳал қилишда бу каби тренингларни ўрни қандай?” деган ўринли савол берди. Мазкур саволга Олий суд судьяси, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзоси Шамсиддин Тожиев жавоб берди:

- Судьялар ва журналистлар билан тренинг ўтказилиши бу журналистлар учун эмас, балки судьяларга кўпроқ фойда ва ютуқ бўлади. Журналистларни фуқароларнинг вакили сифатида қабул қиламиз. Шу нуқтаи назаридан улардан оладиган маълумотларимиз талайгина. Боиси журналистлар орқали халқнинг фикрини ўрганиш имкони туғилади. Демакки, бундай тренинглар келажакда ўз ижобий натижаларини кўрсатади. 

«СУДЬЯДАН АХБОРОТ МАНБАИ СИФАТИДА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН…»

Қолаверса, тренингда АҚШнинг "Columbia Journalism Review" журналининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича мухбири, Ҳуқуқшунослик олий мактаби битирувчиси, Джорджия Университети доценти Джонатан Питерс ОАВнинг суд залларига кириш ва суд ҳужжатларига эришишдаги АҚШ тажрибаси билан ҳам бўлишди:

- ОАВ жамоатчиликнинг кўзи ва қулоғи бўлиб хизмат қилади. Бироқ суд ишлари билан боғлиқ фикрларимиз салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун уларни эҳтиёткорлик билан етказишимиз лозим. Сўз ва матбуот эркинлиги одамларга ўз ҳуқуқларини англашга имкон беради. АҚШ Олий суди ҳар бир фуқаронинг фикрини очиқ билдиришини қўллаб-қувватлайди. Чунки ҳар бир фуқаро мавжуд воқеликни охиригача ўрганиш ва бу ҳақда ўз фикрини билдиришга ҳақли. ОАВ вакиллари ҳам маълумот олиш ҳуқуқларидан тўлақонли равишда фойдала олишади. Бироқ журналистлар кимнингдир манфаатини кўзлаб ҳаракат қила олмайди. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, доим ҳам суд жараёни қай даражада одиллик билан ўтаётганини ўрганишнинг имкони бўлавермайди. Давлат манфаатларига зид бўлган ҳолатларда эса суд жараёнлари ёпиқ ҳолатда олиб борилади. Федерал судларда фото ва видео тасвирга олиш таъқиқланган. 50 та штатда эса баъзи ҳолатлардагина фото ва видео  тасвирга олиш мумкин эмас. Бундай вазиятларда техника воситаларидан фойдаланиш учун тарафларнинг розилиги талаб этилади. Ёпиқ бўлмаган суд протоколлари билан эса исталган киши танишиши мумкин. Журналистлар жавобгарликка тортилиб қолмасликлари учун суд жараёнида иштирок этиш ва уни ёритиш борасидаги мавжуд қоидалар билан яхшилаб танишиб чиқишлари талаб этилади. Шунингдек, АҚШ Олий суди кўрилаётган суд жараёнларида қатнашишни истаган журналист кийиниш маданиятига алоҳида эътибор бериши шарт. Аниқроғи, журналист судга ташриф буюрганида костюм, галстукда бўлиши керак, исталган либосда бориш ҳуқуқига эга эмас. Журналист ёритаётган суд ишлари ҳуқуқ соҳасидан йироқ бўлган одамларга ҳам тушунарли бўлиши учун ҳуқуқий атамалардан фойдаланмаган ҳолда маълумотни содда тилда, аниқ ва лўнда тарзда, фактларга асосланган ҳолда бериши лозим. Журналист учун яна бир муҳим тавсия - судьядан ахборот манбаи сифатида фойдаланиш учун ўзаро дўстона муносабатни сақлаб қолиш керак.              

      Шубҳасиз, бундай тренинглар ҳар икки тараф учун амалиётда дуч келинадиган қатор саволларга жавоб топиш учун қулай фурсат. Шу маънода ўтган тренинг давомида айрим судьяларимиз профессионал журналист ва блогерларнинг фарқи нимада эканини билиб олишди. 

Шунингдек, келаси йилдан бошлаб, бундай тренинглар нафақат журналистлар, балки қуйи судларда фаолият юритадиган судьялар учун ҳам ташкил этилиши маълум қилинди. Бу ўз навбатида амалиётда судьялар ва журналистлар орасида юзага келадиган мунозарали масалаларга ечим топишда ижобий натижа берса ажабмас.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар