АсосийЖАМИЯТ

"Иззат Назарбек" лақабли шахс 70 минг доллар товламачиликда гумонланиб, қўлга олинди

Тошкентда фуқарони ўлдириш билан қўрқитиб, ундан 70 минг АҚШ доллари ундирганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди.

'"Иззат Назарбек" лақабли шахс 70 минг доллар товламачиликда гумонланиб, қўлга олинди'ning rasmi

Унинг ёнидан икки дона тўппонча, ўқ-дорилар ва пичоқлар ҳам топилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга икки нафар фуқаро мурожаат қилиб, ўзини "Иззат" деб таништирган шахс ва унинг шериклари томонидан қўрқитиш ҳамда босим ўтказиш орқали улардан катта миқдорда пул ундирилганини билдирган.

Мурожаатчилардан бири 2019 йилда "Иззат" исмли шахс билан ҳамкорлик қила бошлаганини айтган. Кейинчалик гумонланувчи ундан кўпроқ пул талаб қилиб, ўлдириш билан таҳдид қилган. Бу ҳолат 2–3 йил давом этган.

Яна бир мурожаатчи эса гумонланувчи ундан турли вақтларда 3–4 минг ва 5 минг доллардан пул олганини билдирган. Унинг айтишича, мебель тайёрлаш билан боғлиқ можародан кейин ҳам унга босим ўтказилган.

"Умумий ҳисобда жами 70 минг АҚШ долларини мендан тазйиқ қилиб, куч ишлатиб олди. Бермайман десам, урарди", деган мурожаатчилардан бири.

Биринчи мурожаатчи BMW X5 русумли автомобиль учун 30 минг доллар, ошхона мебели учун эса 15 минг доллар беришга мажбур қилинганини айтган. Ундан умумий ҳисобда 70 минг доллар олингани билдирилмоқда.

Иккинчи мурожаатчи эса бизнесга мажбуран шерик қилингани, Туркияда жиноят олами вакили билан учраштирилгани ҳамда унга нисбатан зўравонлик ишлатилганини билдирган. У қўрқитиш орқали автомобиль сотиб олишга ва 38 минг доллар беришга мажбур қилинганини айтган.

Терговга қадар текширув давомида яна бир аёл ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. У гумонланувчи шахсий суратларини тарқатиш билан қўрқитиб, учрашиш ва жинсий алоқа қилишга мажбурлаганини билдирган.

"Ўша шахсий расмларни тарқатиш билан қўрқитди. Кейин Instagram'га чиқариб юбораман, шарманда қиламан, деди. Кўришганимизда ҳам зўравонлик қилди, тазйиқ ўтказди", деган аёл.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчининг шахси аниқланган. Тергов маълумотларига кўра, у 1988 йилда туғилган Исоқ исмли шахс бўлиб, "Иззат Назарбек" лақаби билан танилган.

У Учтепа туманидаги спорт залларидан бирида қўлга олинган.

Қўлга олишдан сўнг ўтказилган кўздан кечиришда гумонланувчига тегишли "Байкал" русумли икки дона тўппонча, уларга мос ўқ-дорилар, пичоқлар ҳамда тўппонча ғилофи аниқланиб, процессуал тартибда олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми "а" банди ҳамда 121-моддаси 4-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    "Иззат Назарбек" лақабли шахс 70 минг доллар товламачиликда гумонланиб, қўлга олинди - Darakchi.uz