АсосийЖАМИЯТ

Татаристондаги фожиа: 8 нафар ўзбекистонликнинг ўлими ортидан Ҳукумат комиссияси тузилди

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди\.

'Татаристондаги фожиа: 8 нафар ўзбекистонликнинг ўлими ортидан Ҳукумат комиссияси тузилди'ning rasmi

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳрида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Яна бир нечта ўзбекистонлик турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Президент топшириғига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.

Комиссияга ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларидан хабар олиш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларни махсус рейс орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Россияга юборилган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари воқеа жойида бўлиб, Россия томони вакиллари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

ФВВ маълум қилишича, жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида тезкор маълумот олиш учун Қозон шаҳридаги Бош консулхона ҳамда Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Татаристондаги фожиа: 8 нафар ўзбекистонликнинг ўлими ортидан Ҳукумат комиссияси тузилди - Darakchi.uz