АсосийЖАМИЯТ

Арманистон собиқ бош вазирининг ўғли қотилликка буюртма беришда гумонланиб ҳибсга олинди

Аргам Абрамян собиқ депутат, шунингдек, Арташат шаҳрининг собиқ мэри ҳисобланади.

'Арманистон собиқ бош вазирининг ўғли қотилликка буюртма беришда гумонланиб ҳибсга олинди'ning rasmi

Арманистон собиқ бош вазири Овик Абрамяннинг ўғли Аргам Абрамян икки ой муддатга ҳибсга олинди. У 2023 йилда қотилликка буюртма берганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда The Insider хабар берди.

Аргам Абрамян собиқ депутат, шунингдек, Арташат шаҳрининг собиқ мэри ҳисобланади.

Тергов маълумотларига кўра, Абрамян рафиқасини «Христиан инжил эътиқоди» диний ташкилоти пастори С.В. билан шахсий муносабатларда бўлган деб гумон қилган. Шунингдек, аёли пасторга катта миқдорда пул бериб келганини билган.

Айтилишича, Абрамян қасос олиш мақсадида қўриқчиси Г.Х.га пасторни ўлдиришни буюрган. 2023 йил 30 апрель куни пастор Еревандаги турар жой биноси яқинида отиб ўлдирилган.

Қотилликнинг эҳтимолий ижрочисига аввалроқ қотиллик ва ноқонуний қурол муомаласи билан боғлиқ айбловлар қўйилган. 2024 йил апрель ойида унинг иши судга юборилган.

Аргам Абрамян 8 август куни Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган. Унинг адвокати ҳимояси остидаги шахс айбловни тан олмаётгани ва унинг жиноятга алоқадорлигини тасдиқловчи далиллар йўқлигини билдирган.

Арманистон омбудсмани Анаит Манасян эса гумонланувчиларнинг шахсий ва оилавий ҳаётига оид маълумотлар ошкор қилингани учун Тергов қўмитасини танқид қилган.

Маълумот учун, Аргам Абрамян тадбиркор ва "Фаровон Арманистон" партияси етакчиси Гагик Сарукяннинг қизи билан турмуш қурган. Сарукяннинг ўзи ҳам июль ойидан бери фирибгарликни ташкил этиш ҳамда жуда кўп миқдорда пул маблағларини легаллаштиришда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда.

Суд Сарукянга тегишли цемент ва коньяк заводларини бошқаришни давлатга топширган. "Фаровон Арманистон" партияси июнь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида 3,9893 фоиз овоз тўплаб, парламентга кириш учун белгиланган 4 фоизлик тўсиқдан ўта олмаган.

    Бошқа янгиликлар

    Арманистон собиқ бош вазирининг ўғли қотилликка буюртма беришда гумонланиб ҳибсга олинди - Darakchi.uz