Аввалроқ, “Ўзархив” агентлиги тизимидаги давлат архивларида сақланиб келинаётган Миллий архив фондининг алоҳида қимматли ва ноёб (қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно) ҳужжатлар кўргазмалари” мавзусида пресс-тур ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик. Пресс-тур давомида тарихчилар, илм ахли, талабалар тарих ҳужжатлари билан танишадиган Ўзбекистон Миллий архиви ўқув залини ҳам кўздан кечирдик...

Дилбар Закирова, Ўзбекистон Миллий архив директори: — Тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжатларни ўрганиш ва улар билан танишишга бўлган қизиқиш нафақат юртдошларимизни балки хорижий тадқиқотчиларнинг ҳам эътиборини жалб этиб келмоқда. Бугунги кунда тарихни, умуман олганда ўтмиш воқеаларини чуқур ўрганишга интилаётган илмий изланувчиларга, шунингдек, аждодларнинг маънавий мероси билан яқиндан танишишни хоҳлаган барча Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ЎзМАнинг “Ўқув зали” хизмат кўрсатиб келяпти. Тадқиқотчилар сонининг йилдан йилга ортиб бориши, айниқса хорижий тадқиқотчилар сафининг кенгайиб бораётганлиги архивда сақланаётган ҳужжатларнинг бебаҳо хазина эканлигини амалда исботлаяпти.

Масалан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Англиядаги Оксфорд университетининг докторантурасида таҳсил олаётганлар ҳам ташриф буюришади.
Авваллари ўқув залига ноутбук билан кириш мумкин бўлмаган, эндиликда бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Қолаверса, ўқув зали ҳам компьютерлар билан жиҳозланган.
“Архив фонди ҳужжатларидан фойдаланиш пулликми?” деган ҳақли савол туғилади. Ҳужжатлар билан танишиб чиқиш, керакли маълумотларни ёзиб олиш, ходимлардан тавсиялар олиш бепул. Лекин ҳужжатлардан нусха олиш тўлов асосида амалга оширилади. Бунда фойдаланувчининг талабига кўра: қоғоз ёки электрон шаклда нусха тақдим этилади. Бир варақ ҳужжатнинг нусхасини олиш ўртача 10-12 минг сўм.

“Ўқув зали”га келган фойдаланувчилар ҳужжатлардан фойдаланиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан таништирилади. Юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар Ўзбекистон фуқароси архив ҳужжатларидан ўрнатилган тартибда фойдаланиши мумкин.
Масалан, жисмоний шахсда “эркин равишда аждодларимга боғлиқ ҳужжатлар билан танишмоқчи эдим”, деган истак бўлса, Ўзбекистон Миллий архиви директори номига ариза билан мурожаат қилади. Шу асосда рухсат берилгач, ходимларимиз услубий ёрдам кўрсатишади.
Чет эллик тадқиқотчилар эса Ташқи ишлар вазирлигининг рухсати асосида архив ҳужжатлари билан танишиш имконига эга бўлишади.

— Ўқув зали кичик эмасми?
— Архив борасидаги муаммоларимиздан яна бири бу – ўқув залининг кичиклиги. Шунга қарамай, масъул ходимимиз ўқув залига ташриф буюрадиган фойдаланувчилар рўйхатини шундай маҳорат билан шакллантирадики, жой етишмовчилиги борасида муаммолар юзага келмайди.
“ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ЭЛЕКТРОН ШАКЛИ ИККИ НУСХАДА ТАЙЁРЛАНАДИ”
Ўзбекистон Миллий архивининг энг муҳим бўлимларидан бири бу - “Давлат хисоби ва илмий ахборот аппарати” бўлими.
Анваржон Алиев, “Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари:
— Архивнинг яна бир асосий фаолияти бу ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил этишдан иборат. Ҳозирда ривожланиб бораётган технология асрида архивга қабул қилинган ҳужжатларни йиллар давомида асл ҳолда сақлаш ва керакли вақтда фойдаланувчиларга тақдим қилиш архивнинг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўз навбатида бу жараён ҳужжатларнинг асл нусхасидан эмас, балки уларнинг электрон нусхаларидан фойдаланишни ташкил қилишни талаб қилади. Ҳар бир ҳужжатнинг ўз суғурта нусхаси бўлиши керак. Сўнгги йилларда соҳага ахборот коммуникацион технологияларнинг жадаллик билан кириб келиши мазкур бўлимнинг ишини янада жонлантирди.

Жумладан, ҳужжатларнинг электрон шаклини яратиш, яъни рақамлаштириш ва уларнинг умумий базасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун архив ҳозирда ҳужжатларни рақамлаштиришга мўлжалланган 5 та сканер аппарати билан жиҳозлантирилган.

Ҳужжатларнинг электрон шакли 2 та нусхада: бири фойдаланиш фонди, иккинчиси суғурта фонди учун тайёрланади. Мазкур бўлимда фаолият юритадиган 12 нафар ходим ҳужжатларнинг электрон нусхасини тайёрлашади ва библиографик маълумотларни қайд қилишади.
Санжар Жовлиев, бўлим мудири: — Мазкур бўлим 1958 йилда ташкил топган. У вақтда илмий ахборот кутубхонаси сифатида фаолият юритган.

Кейинчалик ҳужжатларнинг нусхаларига эҳтиёж туғилган вақтда, яъни 2009 йилда Корея билан шартнома имзоланиб, 2 та махсус сканер олиб келинган. Бунинг ўша вақтдаги қулайлиги фақат нусха олиш эди. Камчилиги эса тезлик жиҳатдан секин ишларди.

2015 йилда эса Германиядан махсус суғурта фондларини ўқийдиган сканер олиб келинган. Қадимда кинотасмага олинган нусхаларнинг ҳақиқий нусхаларини яратиб, базага киритамиз.


Худди шу йили Германиядан яна бир – энергия тежамкор, жаҳон талабига жавоб берадиган даражадаги юқори “мегапиксель”га эга сканер келтирилган. Унинг афзаллиги 4 сонияда сканерлайди.


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист.
Фотомухбир: Омил ХАКИМОВ






