Ўзбекистонлик 14 ёшли опера куйчиси Мадина Саидазимова Россиянинг «Голос.Дети-3» телелойиҳасида ўз чиқиши билан эътирофларга сазовор бўлди.
Мадина Саидазимова италиялик бастакор Жакомо Пуччинининг «Жанни Скикки» операсидан «O mio babbino caro» ариясини куйлади, дея хабар беради Uz24 нашри. Ижро давомида ҳар учала ҳакам — Леонид Агутин, Пелагея ва Дима Билан Мадинани кейинги босқичга ўтиш учун муносиб деб топишди ва унинг овоз имкониятларини юқори баҳолашди.
Мадина танловни Пелагея жамоасида давом эттиришга қарор қилди.
Маълумот учун, Мадина Саидазимова «Новая волна-2012» халқаро танлови иштирокчиси ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, ўзбекистонлик ёш истеъдод эгалари «Голос.Дети» лойиҳасида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. 2015 йилда лойиҳанинг иккинчи мавсумида Тошкент вакиласи Сабина Мустаева ғолибликни қўлга киритган бўлса, ундан олдинги мавсумда Шуҳрат Турдихўжаев ўз чиқиши билан кўп сонли томошабинлар олқишига сазовор бўлган эди.