Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон тобора ўз хайрихоҳларини йўқотаётган бир пайтда, Оқ уйнинг ўзига бўлган муносабати қандайлигини билиш унинг учун ҳаёт-мамот масаласи эди, деб ёзади “РИА Новости” Al-Monitor нашрига асосланиб.
Бундан бир неча йил аввал Эрдўғоннинг ғарб мамлакатлари раҳбарлари орасидаги обрўси юқори эди. Бироқ Туркияда авторитар тузумнинг ўсиши ва Анқаранинг халқаро майдондаги бемантиқ хатти-ҳаракати уни хуш келмайдиган меҳмонга айлантирди.
“Бу аччиқ ҳақиқатни тан олмаган Эрдўғон эса Барак Обама билан учрашуви орқали ўзининг ҳали ҳам обрўли, мартабали раҳбар эканлигини кўрсатишга уринмоқда”,—дейилади хабарда.
Эрдўғоннинг Вашингтонга ташрифи юзасидан вазият ҳали у содир бўлмасиданоқ оғир эди. У икки мамлакат раҳбарларининг учрашишини сўраб Туркия томон мурожаат этгач, янада оғирлашди ва АҚШ Туркия учун миллий ғурур тимсолига айланди.
“Анқара президентнинг Обама билан учрашишга уриниши ҳақида маълум қилмаганида эди,Эрдўғоннинг обрўсига бу даражада путур етмаган бўларди”,—дейилади хабарда.
Обама эса учрашув ҳақидаги қарорни айтишни атайин кечиктирди, бу эса турк сиёсий оппозициясида президентга нисбатан ишончнинг сусайишига сабаб бўлди.
Натижада эса Эрдўғон ўзи ва давлатини кулгу остига қўйди. У Туркия ўз фуқароларига сўз эркинлигини таъминлашини айтиб турган бир пайтда қўриқчилари Эрдўғонга қарши чиққан оммага нисбатан қўпол муносабатда бўлди.
Эрдўғон ўзининг АҚШга ташрифи чоғида Обама билан суратга тушишга муваффақ бўлди, бироқ Туркия учун муҳим ҳисобланган муаммоларни муҳокама қилиш ҳеч қандай натижа бермади.
АҚШ ва Туркия президентлари ядровий хавфсизлик бўйича саммитда учрашишди. Аввалига Оқ уйда Обаманинг Эрдўғон билан учрашишга вақти йўқлигини билдиришди. Кейинроқ эса Обама ҳамкасби билан учрашишга бир неча дақиқа вақт ажратди.
Учрашув муваффақиятли ўтди, бироқ ундан сўнг икки раҳбар ўртасидаги муносабатларда яна совиш кузатилди. Эрдўғон кетганидан сўнг Обама журналистларга Туркиядаги айрим йўналишлар ривожланиши, хусусан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол уни хавотирга солаётганини билдирди. Эрдўғон эса бунга жавобан ҳамкасбининг “орқадан гапирганини” айтиб, хафа бўлди.