2021 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Венада Австрия Республикаси Парламенти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Унда пандемия оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатларни пандемиядан сўнг тиклашда аёлларнинг иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди ҳамда долзарб масалаларга парламентнинг самарали таъсир чоралари кўриб чиқилди.
Саммит иштирокчиларига Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги даврдаги устувор йўналишларидан бири сифатида хотин-қизларнинг эътиборини иқтисодий рағбатларга қаратиб, уларнинг соҳадаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларга грантлар, кредитлар ажратиш, шунингдек, қизлар, аёлларни ўқитиш ва касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, республикада хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишлар қайд этилди.
Парламентлар аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Дунё мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарлари иштирокида бундай юқори даражадаги тадбир мамлакатимиз ва умуман минтақада илк маротаба ташкил этилади.
Саммитни Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан қабул қилинган ушбу қарор – бу жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижалари, гендер сиёсатидаги сезиларли ютуқлар, шунингдек, жамиятни демократлаштириш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар муваффақиятларининг эътирофидир.