Қашқадарё вилояти Қамаши туманида уч ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг амалдаги раҳбари беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларида маълум қилинган.
Аниқланишича, судланувчи О.Ч. 2023 йил декабрь ойида отасининг номига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очган ва уни амалда ўзи бошқарган. Муассасада икки гуруҳда жами 50 нафар бола тарбияланган. Шунингдек, у тарбияланувчиларни уйидан боғчага олиб келиш ва кун якунида ортга қайтариш учун ўзининг «Киа Карнивал» русумли автомобилидан фойдаланган.
Фожиа 2026 йил 4 июнь куни содир бўлган. Суд ҳужжатларига кўра, О.Ч. эрталаб соат 07:20 атрофида болаларни уйларидан олиб, боғчага келган. Тарбияланувчиларни автомобильдан тушириб, тарбиячига топширган. Бироқ уч ёшли қизалоқ машина салонида қолиб кетган.
Автомобиль эшикларини қулфлаб, ўз ишлари билан кетган раҳбар боланинг салонда қолганини пайқамаган. Қизалоқ эса машина ичидаги юқори ҳарорат таъсирида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасида боланинг ўлими организмнинг умумий қизиб кетиши оқибатида юзага келган ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги сабабли содир бўлгани қайд этилган.
Судда кўрсатма берган О.Ч. болаларни автомобильдан тушириш вақтида уларни санамаганини тан олган. Унинг айтишича, болаларнинг барчаси машинадан тушиб кетган деб ўйлаган ва салонни текширмасдан эшикларни қулфлаб, кетган.
Судланувчининг сўзларига кўра, қизалоқнинг боғчада йўқлиги ҳақида унга соат 16:00 атрофида турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб хабар берган. У боғчага етиб келганида эса болага тез тиббий ёрдам кўрсатилаётган бўлган. Кейинчалик шифокорлар унинг вафот этганини маълум қилган.
Тергов давомида боғча раҳбарининг молиявий фаолиятида ҳам қонунбузилишлар аниқланган. Жумладан, 2024–2026 йилларда иш ҳақи сифатида ҳисобланган маблағларнинг бир қисми ўзлаштирилган. Шунингдек, амалда ишламаган шахсларни боғча ходими сифатида расмийлаштириш, уларнинг номига иш ҳақи ҳисоблаш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам фош этилган.
Хусусан, бир ҳолатда 29,69 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланиб, солиқ ушланмаларидан кейинги 26,12 миллион сўм судланувчининг пластик картасига ўтказилган. Яна бир ходим номига ҳисобланган 36,86 миллион сўмнинг 11,36 миллион сўми ҳам ўзлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Китоб туман суди ҳукми билан О.Ч. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 167-моддаси 2-қисмининг «б», «в», «г» бандлари ҳамда 228-моддасининг тегишли қисмларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳукмига кўра, унга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиш ва беш йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.






