АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

'Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида интернет орқали фаолият юритувчи наркодўконда "закладчик" ва гиёҳвандлик моддаларини қадоқловчи сифатида ишлаган 1996 йилда туғилган эркак ҳамда 1998 йилда туғилган аёлнинг ижарадаги хонадони текширилди. Натижада иситиш мосламаси ичидан 337 грамм гашиш топилди.

Шунингдек, улар омбор сифатида фойдаланган бошқа манзилдан тарқатиш учун тайёрланган 65 бўлакка қадоқланган, умумий оғирлиги 208 грамм бўлган гашиш мусодара қилинди.

Навоий вилоятининг Кармана туманида гиёҳвандлик воситаларини яширин жойларга қолдириш орқали тарқатган уч нафар шахс қўлга олинди. Улардан 20 грамм спайс олинган. Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар туман ҳудудидаги бир нечта яширин жойга яна 542 грамм спайс яширгани аниқланиб, ушбу моддалар ҳам олинди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбирда эса парранда гўшти маҳсулотлари сотиладиган дўкон ишчиси ушланди. Унинг 492 грамм опий моддасини майда бўлакларга ажратиб, сотиш мақсадида дўконда сақлагани аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ҳам гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйиш бўйича тадбир ўтказилди. Унда 1972 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ушланиб, ундан 471 грамм марихуана топилди.

Тезкор тадбир давомида унинг 1964 йилда туғилган, муқаддам судланган шериги ҳам аниқланди. Унинг автомобилидан 425 грамм, яшаш хонадонидан эса 97 та гугурт қутисига жойланган, умумий оғирлиги 1 килограмм 175 грамм бўлган марихуана олинди.

Шу тариқа, тўртта ҳудудда ўтказилган тадбирлар давомида гашиш, спайс, опий ва марихуана каби гиёҳвандлик воситалари аниқланди.

    Бошқа янгиликлар