Ўзбекистонда миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш бошланганидан кўп ўтмай имтиҳонлардаги ўринлар лимити тўлиб қолгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Қайд этилишича, 17 сентябрдан 18 сентябрга ўтар кечаси миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш имконияти очилган. Бироқ талабгорлар учун ажратилган ўринлар қисқа вақт ичида тўлиб қолган.
Агентлик маълумотига кўра, имтиҳонларни сифатли ва шаффоф ўтказиш, талабгорлар учун зарур шароитларни яратиш ҳамда натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан тегишли тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Янги тартибга мувофиқ, тест синовлари ўтказиладиган жойлар, ҳудудлар кесимидаги ўтириш ўринлари сони ва имтиҳон саналарини белгилаш назарда тутилган.
Шундан келиб чиқиб, 2026 йилнинг иккинчи ярми учун жами 496 минг 303 та ўтириш ўрни ажратилган. Шундан сентябрь ойига 125 минг 753 та, октябрь ойига 129 минг 535 та, ноябрь ойига 112 минг 335 та ва декабрь ойига 128 минг 680 та ўрин белгиланган.
Шунингдек, миллий сертификат имтиҳонларини ўтказиш даврийлиги ҳам оширилган. Жорий йил сентябрь–декабрь ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан 2 мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан эса 1 марта имтиҳон ўтказилади. Жами 15 та имтиҳон ташкил этилиши режалаштирилган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида жами 11 та миллий сертификат имтиҳони ўтказилган бўлиб, уларда 255 минг 217 нафар талабгор иштирок этган.
Агентликнинг таъкидлашича, ҳудудлар кесимида ўтириш ўринларининг белгиланиши талабгорларнинг имтиҳонда иштирок этишини чеклаш, тўловларни камайтириш ёки юқори натижа кўрсатиши мумкин бўлган талабгорлар сонини сунъий равишда қисқартириш мақсадини кўзламайди.
Қайд этилишича, ушбу тартибнинг асосий мақсади мавжуд инфратузилма, техник воситалар, ходимлар ва назорат ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда имтиҳонларни барқарор ва сифатли ташкил этиш, ҳудудлар бўйича юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилишдан иборат.






