Андижон вилоятида қўшни давлатдан Ўзбекистонга ноқонуний равишда заргарлик буюмларини олиб киришга уриниш аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, божхона пости орқали мамлакатга кириб келган йўловчилардан бирининг хатти-ҳаракатлари ходимларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг у шахсий кўрикдан ўтказилган.
Текширув давомида йўловчи ўз танасини "тирик контейнер" сифатида ишлатиб, ички аъзоларига 31 та заргарлик буюмини яширгани аниқланган. Уларнинг умумий оғирлиги 146 граммни ташкил этган.
Аниқланган заргарлик буюмлари вақтинча олиб қўйилиб, сақловга жойлаштирилган. Ҳолат юзасидан ҳозирда текширув олиб борилмоқда.






