2026 йил 19 сентябрь куни Истанбул шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Мелиева Моҳирано фармацевтик воситадан заҳарланиш оқибатида вафот этди.
Маълум қилинишича, марҳума касаллик даврида уй шароитида норасмий шифокорлар кўмагида даволанган. Даволаниш жараёнида қабул қилинган дори воситаларининг ножўя таъсири натижасида унинг аҳволи оғирлашган, қонида инфекция ривожланган ва организмида кучли реакция кузатилган. Шунга қарамай, у ўз вақтида шифохонага олиб борилмаган ва уй шароитида даволаниши давом эттирилган.
Беморнинг аҳволи жиддий тус олгач, у дастлаб Мармара шифохонасига олиб борилган. Мазкур тиббиёт муассасасида беморни жонлантириш бўлимига жойлаштириш имкони бўлмагани сабабли, у Картал туман шифохонасига кўчирилган.
Шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилганига қарамай, ватандошимизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Марҳуманинг жасади Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилган.
Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ватандошларни ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга чақирди. Хусусан, дори воситаларини шифокор тавсиясисиз қабул қилмаслик, норасмий ва тегишли малакага эга бўлмаган шахслар томонидан даволанишдан сақланиш тавсия этилди.
Соғлиқ ҳолати кескин ёмонлашган тақдирда вақтни бой бермасдан расмий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Бош консулхона марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.






