АсосийShou-biznes

Барун Собти: “Ўзбек режиссёрларидан таклиф тушса, гонорарни ўйламасдан рози бўлардим”( Эксклюзив)

“Менинг юртим” телеканалида намойиш этилаётган “Муҳаббат тафти” ҳинд сериалидаги Арнав Сингх Резада роли орқали қизларнинг ёқимтойига айланган ҳинд актёри Барун СОБТИ Тошкентга ташриф буюрди. Эксклюзив суҳбатдан севимли актёрингиз ҳақидаги сизни қизиқтирган саволларга жавоб топишингиз мумкин...    

— Барун, Тошкентга хуш келибсиз! Юртимизга таклиф қилишганида нималарни ҳис қилдингиз?

— Ташрифимдан ўзим ҳам хурсандман. Тошкентни экзотик шаҳар  сифатида биламан. Уни тезроқ кўриш истаги туғилганди. Юртингиз жуда гўзал экан, архитектураси мени ўзига маҳлиё қилди. Тошкентга келганимда яққол сезилган ҳолат бу – Ҳиндистонга нисбатан аҳолининг камлиги. Лекин одамлари содда ва жуда меҳрибон экан. 

— Ўзбек фильмларини кўрганмисиз, қайси ўзбек актёрларини биласиз?

— Рости, кўрмаганман, ўзбек актёрларини ҳам танимайман. “Менинг юртим” телеканалидаги “Kino life” кўрсатувига интервью берганимда актриса Нигина Анорбоева билан танишдим (кулади). 

— Ўзбек таомларидан татиб кўришга улгурдингизми?

— Кеча тўйга олиб боришганди, бироқ дастурхонга Европа таомлари тортилди. Шу сабаб ўзбек ошхонасидан ҳозирча бехабарман. Лекин бугун ошдан татиб кўрмоқчиман.  

— “Муҳаббат тафти” сериали орқали шу қадар машҳур бўлиб кетишингизни ўйлаганмидингиз?

— Рости, мутлақо хаёлимга келмаганди. 

— Сериал яна қайси давлатларда Ўзбекистондагидек машҳурликка эришган?

— 58 та мамлакатда. Лекин ҳаётимда ҳеч нима ўзгармади, ўзлигимча қолдим. Ўзбекистонга келгач, мухлисларим кўплигига ўзим гувоҳ бўлдим. Бу ёқимли жараён (самимий кулади). Ишимни аъло даражада бажариш “дарди”га чалинганим учун машҳурлик “касал”лиги ёнимга яқин йўлолмади. Умуман машҳурлик “касал”лигига чалинган ҳамкасбларимни ақлдан озган одамлар, деб ўйлайман. Чунки машҳурлигига маҳлиё бўлиб, у билан овунишдан зерикарли иш бўлмаса керак. 

— Ҳаётда ҳам сериалдагидек совуққон, жиддиймисиз? Боиси суҳбатни бошлагунимизга қадар кулганингизни кўрмадим.  

— (Кулиб) Гоҳида менда ҳам совуққонлик, жиддийлик кузатилади. Суратга олиш жараёни бошланганида қаҳрамоним билан ўртамизда умумийликни кўрмагандим. Жараёнга кириб, унинг ҳаётини ўргана бошлаганим сари ўхшашликларимизни кашф этиб бордим. Арнав билан умумий жиҳатларимиз бу – ҳаётга жиддий қараймиз, оиламизга садоқатлимиз, янгиликка интилиб яшаймиз.

— Сериалда миллий анъаналарингизни қадрламайдиган қаҳрамон ролини ўйнагансиз. Арнавни бу ҳаракатини оқлайсизми? 

— Албатта! Эскилик сарқитларига ҳушим йўқ. Фикримни нотўғри тушунманг, миллий анъаналарга қарши нимадир қилиш ниятим йўқ, уларга нафрат билан қарамайман. Шунчаки, миллий қадрият-анъаналарни сўроққа тутмай бажарадиганлар тоифасига кирмайман, холос. Улар орасида бугунги кунимизга тўғри келадиганларинигина ҳурмат қиламан. Чунки ҳаёт ҳақиқатларига мос келмайдиган, ҳозирги давримиз билан узилиб қолганлари жуда кўп.

— Арнав қайси жиҳати билан сизни ўзига ром этган?

— Қаҳрамонимнинг табиатан илғорликка интилиш хусусияти ва оиласига бўлган муҳаббатини яхши кўраман. Ва бу хусусиятлари менинг табиатимга ҳам яқин.  

— Арнав сингари сиз ҳам яқинларингиз учун тақдирингизни қурбон қила оласизми? 

— Албатта! Фақат бу жиҳат мақтанишга арзийдими ё йўқ, билмайман (самимий кулади). 

— Ҳаётда ҳам Шьямдагидек одамларга дуч келганмисиз?

— Ҳаётда ҳар хил одамлар бор. Афсуски, дуч келганман.

— Арнавнинг совуққонлиги Кушининг севгиси олдида мағлуб бўлди. Муҳаббатга муносабатингиз қандай?

— Арнав ва Кушиникидек севги ҳаётда ҳам учраб туради. Рости, муҳаббатга ишонаман! Инсонни ўзгартира оладиган кучга эга бўлган энг катта омил бу – севги! Рафиқамни илк бор 14 ёшимда – мактабдаги кечки дарсларда кўриб севиб қолганман.

— Рафиқангиз Пашмин Манчанда билан тўйингиз тор доирада, ОАВ эътиборидан йироқда ўтказилишига нима сабаб? 

— Аслида ҳаётимизда бир бор бўладиган бахтли кунимни катта даврада ўтказишни режа қилгандим. Бироқ тўйимиздан бироз аввал оиламизда бахтсиз ҳодиса юз берди. Шу сабаб тор доирада нишонлашга мажбур бўлдик. 

— Уйланганингиздан сўнг ҳаётингиз ва феъл-атворингизда нималар ўзгарди?

— Бутун ҳаётим ўзгариб кетди, муҳими яхши томонга. Рости, кўпроқ вақтимни оила даврасида ўтказиш истаги юқори. Феълимга келсак, ҳеч нима ўзгармади, ўзгармаса ҳам керак.   

— Куши билан муносабатларингиз қандай?

— Жуда яхши. Иккаламизнинг ҳам ўз оиламиз бор ва бахтлимиз. Сериалдаги эҳтиросли қарашлар, муҳаббат сабабига келсак, биз шунчаки яхши актёрлармиз.  

— Халқаро тоифадаги қайси актёр билан роль ижро этишни истайсиз…

— Дензл Вашингтон. Уни актёрлик маҳорати мени ўзига мафтун қилган. Умуман олганда ҳурмат қиладиган актёрларим етарлича. Биласизми, аслида қайсидир актёр билан биргаликда ишлашни эмас, ролимни юқори даражада ўйнаш ҳақида ўйлайман. 

— Ўзбек режиссёрларидан таклиф тушса рози бўласизми ва қанча гонорар эвазига?

— Қанча гонорарга (кулади)? Тўғри, пул албатта муҳим, лекин бу мен учун энг муҳими эмас. Борди-ю фильм ё сериал ғояси ёқса, гонорарини ўйлаб ҳам ўтирмай рози бўлардим. 

— Ҳаётингиз давомида эшитган энг ёқимли хушомад?

— “Қалбинг кўзингда акс этиб турибди”. Бу эшитган хушомадларим орасида энг қадрлиси.

— Ҳаётингиз фақатгина қадрли нарсалар, ҳодисалар билан бой бўлишини тилаб қоламиз. Самимий суҳбат учун ташаккур!

— Сизга ҳам раҳмат! Менинг Тошкентга келишимга сабабчи ташкилотчиларга ҳам ташаккур билдираман. Ўзбекистонлик мухлисларим ижодимни кузатиб боришларини истардим. Боиси бир нечта йирик лойиҳаларда иштирок этяпман. Ундаги натижалар мухлисларимни янада хурсанд қилади, деган умиддаман.   

Блиц саволлар:
— Қизларни ром қилади...

— Кўзларим. Сабабини продюсерларимнинг изоҳидан сўнг билганман. Улар “Кўзинг бошқаларникидан ажралиб туради. Боиси унда юрагинг акс этади”, дейишганди. 

— Доим ўзингиз билан олиб юрасиз?

— Қўл телефонимни. Негадир ҳамён олиб юрмайман.

— Севиб тайёрлайдиган таомингиз?

— Омлет.

— Мухлисларингиз билмайдиган битта факт?

— Аслида бундай фактлар жуда кўп (кулади). Улардан бири камера қаршисида топширилган вазифани юқори савияда бажариш ҳаяжони кучли бўлади. Лекин бу сезилмайди, ҳатто кўзларимда ҳам. 

— Ҳаётингиздаги энг бахтли онингиз?

— Оила қурган куним!

— Ҳаётингиздаги энг бахтсиз кунингиз?

— Бувим оламдан ўтган кун.

— Ижтимоий тармоқларда...

— ...шахсий саҳифам йўқ. Фақатгина “twitter”да борман, лекин унда ҳам фаол эмасман. 

Cадоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ


 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар