Марказий банки Бошқарувининг йиғилишида Марказий банк асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Маълум қилинишича, Инфляцион кутилмаларнинг шаклланган трендлари ҳамда келгуси ойларда нархлар ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган динамикаларидан келиб чиқиб бошқарув йиғилишида асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланди.
Қайд этилишича, Май-июль ойларида қисқа муддатли ташқи шоклар таъсирини пасайиши ҳисобига макроиқтисодий ҳолатнинг нисбатан барқарорлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш бўйича кутилмаларнинг ортда қолиши 2022 йил якунида инфляция даражасининг 12-14 фоизлик прогноз коридорининг медианисидан пастроқ, яъни қуйи чегарасига яқин шаклланиш эҳтимолларини оширмоқда.
Бу ўз навбатида, инфляциянинг апрель ойидаги прогноз даражасидан қисқа муддатли омиллар таъсири ва кутилмалар бўйича қўшилган юкламани олиб ташлаш ва шунга мос равишда, пул-кредит шароитларини ҳам ўзгартириш имконини беради.
Глобал инфляцион жараёнларнинг давом этаётганлигини инобатга олиб, нархларга монетар омиллар таъсирини минимал даражада сақлаб қолиш, миллий валютадаги активларнинг нисбий устунлигини таъминлаб бориш мақсадида йил сўнгигача “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари сақлаб қолинади.