АсосийMadaniyat

Дилбар ИКРОМОВАни нега театрга қабул қилишни исташмаган?

'Дилбар ИКРОМОВАни нега театрга қабул қилишни исташмаган?'ning rasmi

Санъат – мафтункор олам. Уни орзу қилиб етолмаганлар қанча? Унга етишиб ҳам томошабинлар қалбига кира олмаганлар қанча? Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова  саҳна ва кинода ижро этган роллари билан томошабинлар меҳрини қозонди. Унсин, Сотти, Момо бўлиб хотираларида қолди. Ёзнинг 17 июль санасида таваллуд топган актрисани унга атаб бир эмас, нақ учта асар ёзган драматург Эркин Хушвақтов билан бирга хотирладик.

— Эркинжон,  бугун сиз билан самимий қаҳрамонлари билан эл назарига туша олган актриса Дилбар Икромованинг ижод йўлларига биргаликда назар ташлаймиз...

— Бажонидил. Дилбар опа ҳақида чиройли хотираларим бор. Дилбар опанинг Миллий теардаги ижодлари талабалик йилларидан бошланган. “Бой ила хизматчи” спектаклидаги Мастон ролини қойилмақом қилиб ижро этган ёш актрисанинг истеъдодини сезган машҳур режиссёр Тошхўжа Хўжаев олийгоҳни битиришлари билан театрга ишга таклиф қилган. Илк роллари муваффақиятли чиққач, кейинчалик бу саҳнада “Ой тутилган кун”да Забаржат, “Имон”да Озода, “Уйланиш”да Фёкла Ивановна, “Олтин девор”да Дилором, “Келинлар қўзғолони”да Нигора, “Ўзбекча рақс”да она  сингари кўплаб ролларни ижро этдилар. 1984 йилда кинорежиссёр Мэлис Абзалов Дилбар Икромовани “Келинлар қўзғолони” фильмидаги Сотти ролига таклиф этиб актрисанинг янги қирраларини очишга муваффақ бўлганди. Ва бу роль севимли санъаткоримизнинг кинодаги ижодига дебоча бўлиб хизмат қилди. Билишимча, Ўзбекистон халқ артисти комик роллар устаси Марям Ёқубова   режиссёрга: “Мэлис, Дилбарни бекор бу ролга олибсан”, деган эканлар. Лекин айнан шу роль билан режиссёр Дилбар Икромовани комик актриса сифатида кашф этгани ҳақиқат.

— Эшитишимга қараганда, театрга янги келган пайтларида Дилбар Икромова бу театрда ўз ўрниларини топишларига ишонмаганлар ҳам бўлган экан?

— Бу бор гап. Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев раҳматли опанинг кичкинагина жуссаларига қараб туриб, “Қизим сен бу театрда умрингни бекорга ўтказма. Ёш томошабинлар театрига боргин...” деган эканлар. Дилбар опа “Хўп, хўп”, деб йиғлаб юборишдан ўзларини аранг тутиб турганларида раҳматли Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов ёнларини олиб: “Унақа деманг, Олим ака, “Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни”, деган гаплар бор. Ишлайверсин. Зўр актриса бўлиб кетиши мумкин”, деганлари у кишига тасалли бўлган экан.

— Эркинжон, сизнинг қаламингизга мансуб “Чимилдиқ”, “Қаллиқ ўйин” ва “Қирмизи олма” спектаклларидаги кекса, кўпни кўрган онахонлар тимсолини нега айнан Дилбар Икромовага бергансиз??

— “Чимилдиқ”даги “момо” ўзи аслида Ўзбекистон халқ артисти Икрома Болтаевага атаб ёзилганди. Оламдан ўтиб қолдилар. Мен бир пайтлар Дилбар опани “Уйланиш” спектаклидаги Фёкла Ивановна ролида кўриб ҳайратга тушгандим. Ёшгина бўла туриб кампир ролини шунақанги зўр ижро этгандиларки, кулгудан томошабинларнинг кўзлари ёшланган.

— Ўзларининг тан олишларича, бу роль ишонарли чиққанидан кўпчиликдан “Россияда бир неча йил яшаб келган бўлсангиз керак”, деган гапни эшитган эканлар.  Демак, сиз шу ижролари сабаб момони Дилбар опага бермоқчи бўлдингиз, буни ўзларига бемалол айта олдингизми?

— Қаёқда, ҳали элликкаям кирмаган аёлга “момо” ролини таклиф этиш осон бўлармиди? Аёл кишининг кўнгли нозик бўлади, мендан ҳафа бўп қолсалар-а, деб уч-тўрт кун айтолмай қийналиб юрганман. Ниҳоят қўрқа-писа “Опа битта спектакль бор, шунда сизни кўраяпман. Илтимос, ўқиб фикрингизни айтсангиз”, деганман. Ростини айтсам, ўша кеча ҳаяжондан кўзимга уйқу келмаган. Эртасига “Агар менга шу ролни беришса, жон деб ўйнардим”, десалар бўладими. Қувончдан бошим кўкка етгудай бўлган.

— Роль устида қандай ишладилар?

— Уч ой ишлаганмиз. Дилбар опа нуқул “Яхши чиқаяптими? “Тўғри ўйнаяпманми?” “Хатоси бўлса айтинг!”дейдилар. Баъзида “Мана бу ерига озгина ўзгартириш киритсак-чи...”ям деб қоладилар. Қанча-қанча ижроларни маромига етказган актриса шунақа даражада камтар инсон эдилар. Гаплари содда, самимий, кибр, манманликдан асар ҳам йўқ. Кечирасиз-у бугунги кунда атрофимиздаги уч-тўртта ролни ўйнаб қўйиб, ҳеч кимни танимай қолганлар, танқид у ёқда турсин танбеҳни кўтаролмайдиганларни кўрсам Дилбар опага ўхшаган инсонларнинг қадрини янада кўпроқ ҳис этаман. Мен иш жараёнида актрисанинг муаллифга, асарга бўлган чуқур ҳурматини ҳис қилганман. Бунақа муносабатни кўрган одамнинг ёзгиси келавераркан. “Қаллиқ ўйин” асаримдаги онахоннинг рўпарасига Дилбар Икромова, деб ёзиб қўйганман. Кичкинагина жуссани саҳнага чиқариб, катта актрисага айлантириш учун қанча матонат ва истеъдод керак. Ижросини томоша қилаётиб шунча кучни қаердан оларкин, деган хаёлларга борардим. Дилбар Икромова қаҳрамонининг ҳар бир сўзини юракдан чиқариб айтарди ва томошабиннинг юрагига етиб борарди. Уни беихтиёр ўзининг дардига шерик қилиб қўярди, ачинтирарди. Залда ўтирган одам “Бу бир томоша-ку”, деб ўйлаёлмасди.

— Ижодларининг илк даврларида Дилбар Икромова билан Ўзбекистон Радиосининг “Яхши кайфият” эшиттиришида бирга ишлаганмиз. Мен ҳам уларни саҳнада кўриб, бу ўша камгап, камсуқум Дилбар опами? деб ўзимга-ўзим савол берган пайтларим кўп бўлган.

— Спектаклm тугагагач “Опа, бунча кучни қаердан ололдингиз? деб сўрардим доим. “Билмасам, саҳна менга куч беради”, дердилар ийманибгина. Истеъдодни қарангки, “Қирмизи олма”даги момони тамоман бошқача қилиб ижро этиб бергандилар. Бу момо ўта ҳозиржавоб, шўх, ҳар бир гапи, ҳар бир ҳаракати юморга бой чиққанди. Қаранг, учта момо, уччаласи уч хил. Биринчиси дардчил, қийналган. Иккинчиси хийлагар, устомон, учинчиси эса шаддод.

— “Чимилдиқ” спектакли чет элда ҳам томошабинлар эътиборини қозонганидаям  Дилбар опанинг ҳиссалари катта деб ўйлайман.

— Шубҳасиз. Бу спектакл билан Мисрдаги театрлар фестивалида иштирок этганмиз. Ва алоҳида мукофотга сазовор бўлганмиз. Спектаклимиз ҳақидаги мақтов сўзларини эшитиб уни кўришни истаган Туркия элчихонаси ходимларига эса асар алоҳида қўйиб берилган. Кейин улар бизни катта зиёфат билан сийлашган. Шунда улар Дилбар опага икки йилга шартнома тузиб Туркияда қолишни таклиф қилишганди.  Лекин опа “Йўқ, мен ўз юртим, ўз театримсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман”, деб кўнмагандилар. Ватанпарварликни қаранг, ҳозир арзимаган пул учун юрти у ёқда турсин, ёш болалариниям ташлаб бегона ерларга ошиқаётган аёлларни кўрганимда Дилбар опанинг ҳаётга, она, аёл деган номга муносабатларини эслайман.

— Маълумки театрда бир спектакл қўйилса, битта ролга бир, баъзида эса иккита дублёр белгиланади. Нима учун сизнинг спектаклларингизда момо битта?

— Бошида момони ўйнайдиган бошқа актрисалар ҳам бор эди. Кейинчалик улар роль Дилбар опаники эканлигини кўриб ўзлари рад этишган. Келинг, уларнинг исм-фамилияларини айтмай қўя қолайлик. Ҳаммамиз учун момо битталигича қола қолсин. Дилбар опа раҳматлининг бир интервьюда “Агар актриса бўлмаганингизда ким бўлардингиз?” деган саволга “Одам бўлардим. Қанча инсонлар бор кўриниши одам, лекин  қилаётган ишлари, ҳаётда тутган ўрнилари, бебаҳо умрни бекорчи нарсаларга сарфлаётганларини кўриб ачиниб кетасиз. Дунёга одам бўлиб келдикми, одам бўлайлик!” деган жавобини эшитиб тан бергандим. Устозимизни Аллоҳим раҳматига олган бўлсин. Бизга одамийликдан сабоқ бериб кетди.

Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди.

"Даракчи" газетаси, 2022 йил 14 июль, 28-сон

    Бошқа янгиликлар