Давлат раҳбари АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан футболчиларни тарихий ютуқ билан табриклаб, уларни “замонамиз қаҳрамонлари” деб атади.
“Биз бу кунларни бутун халқимиз билан 34 йил кутдик. Футболчиларимиз ҳар бир ўйинга юксак масъулият ва ватанпарварлик руҳи билан тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади”, — деди президент.
Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистон терма жамоаси мундиалга йўлланмани қўлга киритган куни у ҳам бутун халқ қатори катта қувончни ҳис қилган.
“Тўғрисини айтсам, ўша куни кўзимга уйқу келмади”, — деди давлат раҳбари.
Президент футболчиларнинг ота-оналари, мураббийлари ва устозларига ҳам миннатдорлик билдирди.
Учрашувда шоир, ёзувчи ва санъаткорлар ҳам иштирок этгани айтилди. Давлат раҳбарига кўра, футболчиларнинг ғалабаси ижод аҳли учун янги илҳом манбаига айланган.
“Тадбиркорларимиз ҳам сизлар орқали миллий брендларни дунёга танитяпти, янги бозорларга чиқяпти”, — деди Мирзиёев.
Президент кейинги йилларда спорт соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, мамлакатда 200 дан ортиқ йирик спорт иншооти, қарийб 4 минг хусусий спорт клуби иш бошлаган. 1,5 мингдан зиёд маҳаллада спорт майдончалари қурилган.
Шунингдек, ҳар бир вилоятда профессионал футбол академиялари ва футбол мактаблари ташкил этилган.
Президент маълум қилишича, бу ишлар натижасида ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етган, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сони эса 1,3 миллиондан ошган. Профессионал футболчилар сони 17 минг нафарга етган.
“Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчиликка барҳам берилди. Очиқ ва шаффоф тизим яратилди”, — деди давлат раҳбари.






