1

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўзаро савдо ҳажмини 2 баробарга ошириш ниятида

ИҚТИСОДИЁТ 03.08.2022, 17:26
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўзаро савдо ҳажмини 2 баробарга ошириш ниятида

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, савдо, иқтисодиёт ва транспорт вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ҳукумат порталида хабар берилди.

 Уч давлат Президентларининг келишувларига мувофиқ ташкил этилган ушбу мутлақо янги мулоқот механизми кўплаб устувор масалалар бўйича манфаатлар кесишадиган нуқталарни топишга имкон берди.

Учрашув давомида ташқи сиёсат масалалари ва минтақавий ҳамкорлик имкониятлари, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва транспорт соҳаларида учала мамлакат бирлашган қудрат ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар юзасидан фикр алмашилди.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Туркия билан савдо айланмаси икки бараварга ошгани, 2021 йил охирига келиб бу кўрсаткич 3,5 миллиард долларга етгани айтилди. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Кудратов мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидлади. Бу муносабатларни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркияга техника, ўзбек тўқимачилиги маҳсулотлари, пойабзал ва озиқ-овқат етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятига эга.

Бозорларга ўзаро киришни осонлаштириш учун янги электрон тижорат платформасини яратиш таклиф қилинди. Бу тадбиркорлар, экспортчилар, импортчилар ўртасида мулоқотни осонлаштириб, товарларни янада арзон нархларда сотиш имконини беради.

Шунингдек, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш ва уч мамлакатнинг юқори транзит салоҳиятидан фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди ва шу муносабат билан ҳар йили Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия ҳудудлараро форумини ташкил қилиш ва унинг Тошкентда биринчи йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.

Учрашув якунида Форум майдонларидаги барча келишувларни ўз ичига олган Тошкент декларацияси имзоланди. Эришилган барча келишувлар кўплаб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1