1

"Албатта умид қилгандик" "Халқ юраги" ҳужжатли фильмлар ғолибига "Cobalt" берилди (видео)

МАДАНИЯТ 10.09.2022, 18:10
"Албатта умид қилгандик"  "Халқ юраги" ҳужжатли фильмлар ғолибига "Cobalt" берилди (видео)

Тошкентда “Халқ юраги” туркумидаги ҳужжатли фильмлар танлови якунланди.

9 сентябрь куни Адиблар хиёбонида “Халқ юраги” туркумидаги ҳужжатли фильмлар ижодкорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Кинематография агентлиги.

Маълум қилинишича, 2020 йил 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида Кинематография агентлигига мажмуада ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирлар ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш вазифаси юклатилган эди.  

"Бу йўналишда олиб борилган дастлабки ижод намунаси сифатида 2020 йилда ўзбек шоир ва ёзувчиларга бағишланган “Халқ юраги” ҳужжатли фильми яратилди. Кинематография агентлиги томонидан ҳар бир ёдгорликка бириктирилган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда 24 та “Халқ юраги” номли туркум ҳужжатли фильмлар яратилди. Мазкур картиналар орасидан ҳакамлар ҳайъати режиссёр Ҳусан Рашидовнинг “Чўлпон. Қуш эсдалиги” кинолентаси энг муносиб деб топди", дейилади хабарда.

Бугун “Халқ юраги” лойиҳасида фильмларни суратга олган режиссёрлар тантанали равишда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Таниқли киноижодкорлар, ёзувчилар, санъат ва маданият арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланган ғолиб бош соврин – Chevrolet Cobalt автомобили соҳибига айланди.

“Чўлпон. Қуш эсдалиги” фильми орқали мен мана шу мукофотга сазовор бўлдим. Албатта, муваффақиятга умид қилган эдик, чунки салкам 300 кишилик жамоа билан фильм устида астойдил иш олиб бордик. Ёш киноижодкорларга, хусусан, ҳужжатли фильм ижодкорларига берилаётган имкониятлар, бундай улкан рағбатлар учун муҳтарам Президентимиздан беҳад миннатдорман. Мен умумий ғалабамизда иштирок этган барчага: жамоамга, ота-онамга, устозларимга раҳмат айтмоқчи эдим. Ўзбек киноси тарихида бундай мотивация ва рағбатлантириш биринчи марта деб ҳисоблайман”, — дейди танлов ғолиби, фильм постановкачи режиссёри Ҳусан Рашидов.

Тадбирда сўзга чиққан Кинематография агентлиги Бош директори мазкур соврин ижодкорлар учун мотивация бўлишини айтади.

“Ўзбекистонда ҳужжатли фильм йўналиши юксалиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат ҳукумати томонидан мазкур соҳанинг қўллаб-қувватланаётганидан беҳад мамнунмиз. Ўзбекистон кинематографияси тарихида илк бор ҳужжатли фильм ижодкорлари орасида йирик танлов ўтказилди. Биз пандемия даврида 24 та фильм яратиш устида фидокорона меҳнат қилган ҳужжатли кино ижодкорларни муносиб рағбатлантиришга ҳаракат қилдик. Бош соврин – Chevrolet Cobalt автомобили ёш киноижодкорлар учун кучли мотивация бўла олади”, — деган Фирдавс Абдуҳолиқов.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтдаги олий ўқув юртлари раҳбарларига “Халқ юраги” туркумидаги барча фильмлар акс этган флеш-дисклар ва альбомлар топширилган бўлса, режиссёрлар замонавий планшетлар билан тақдирланишган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1