Буюк соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)нинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўзбек тилида битилган энг эски қўлёзма аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси, Тожикистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори, навоийшунос олим Бадриддин Мақсудов маълум қилди.
Бадриддин Мақсудовнинг айтишича, китобни Амир Темур ҳақида ёзилган ва шу пайтга қадар етиб келган туркий қўлёзмаларнинг ҳозирча энг қадимийси дейиш мумкин. Айни пайтга қадар Амир Темур ҳақида битилган туркий асарларнинг энг қадимийси 1713 йилда яратилган.
Китобнинг хотимасида қўлёзма ҳижрий 1027 йил ражаб ойи санаси қайд этилган. Бу 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади. Бу асарнинг кўчирилган санаси бўлиши, асар ундан ҳам аввал ёзилган бўлиши мумкин. Унда асарнинг ёши янада “улғаяди”. Ҳозирча қўлёзма кимнинг қаламига мансуб экани, ким томонидан, қаерда кўчирилгани маълум эмас.
Асар анъанавий тарзда Яратганга ҳамду сано ва пайғамбаримиз (с.а.в)га наът билан бошланган: “Ҳамди беҳад ва санойи беадад ул халлоқу-самовоти биғайри амад ва фарди самади зул-жалол ва безавол ва лоязол ва баркамол ва огоҳи кулли ҳолғаки, бир пора мушт хокдин ижодимизни башарият шарафиға мубаддал қилди...”
Китобда Амир Темур Соҳибқиронинг дунёга келиши, илм олиши, ҳарбий юришлари, Бибихоним мадрасасининг қурилиши ҳақида фасллар ўрин олган. Асарнинг тўлиқ мундарижаси, воқеалар ривожи, баён услуби ҳамда ҳозир аниқ фикр айтиш мушкул. Бу саҳифаларни бир қатор таниқли мутахассислар, манбашунос олимларга кўрсатдик. Уларнинг фикрича, қўлёзма Қўқонда кўчирилган, шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” ёхуд Абдуллоҳ Ҳотифийнинг “Темурнома” асари асосида яратилган бўлиши мумкин. Аниқ хулоса эса, қўлёзма тўлиқ ўрганиб чиқилганидан кейин айтилади.
Китобнинг сўнгги саҳифасида асар сўнгидаги анъанавий хотимадан сўнг, “Амир Темур.... ни китобларини камина қуллари битиб бўлди” деган жумла ўрин олган. Шундан сўнг туркий ва форсий тилда хатолар учун узрхоҳлик ва дуо талабидаги байтлар битилган:
Агар кўрсанг хатимда кўп хатомни,
Ўзумни сўк, вале сўкма аномни...
...Қориё бар ман макун қаҳру итоб,
Ҳар хатое рафта бошад дар китоб.
Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, Душанбедан топилган бу ноёб қўлёзманинг нусхасини Ўзбекистонга келтириб, таниқли тарихчи ва манбашунос олимларимиз ёрдамида чуқур тадқиқ этиш режалаштирилган.