1

Ғаройибот: Ижара уйдаги товуш

МУТОЛАА 24.08.2016, 15:37
Ғаройибот: Ижара уйдаги товуш

“Уйдагиларимиздан арзон ижара уй топганимиз ҳақида суюнчи ҳам олдик”

Бу воқеани ёзиб юборган мухлисимиз ўзининг ҳали талаба эканлигини, ҳайратомуз ҳодисани эса яқиндагина бошидан кечирганини билдирган. Мансур Ҳайитметов исмли муштарийнинг номасини эътиборингизга ҳавола қиламиз...

Аслида талаба бўлишни орзу қилиб юрган чоғларимда талабалар ётоқхонасида курсдошларим билан яшашни, олтин даврни унутилмас тарзда ўтказишни режа қилардим. Аммо ҳар доим ҳам сизнинг айтганингиз бўлавермас экан. Мен ўқишга кирган йилим, амакимнинг ўғли ҳам талаба бўлди. Айнан шу амакимнинг шаҳарда уйи борлиги сабаб, мени уйларига чақирди. Аввало, ўқишга кирганим билан табриклади ва ўз режаларини айтиб ўтди:

—  Мансур, яна ётоқхонадан жой оламан деб юрма. Мана, амакиваччанг билан бирга бизнинг уйда яшайверасизлар. Ўқишларингга ҳам яқин. Яна қўшнига тайинлаб қўяман, сизларга кўз-қулоқ бўлиб туради. Менам хотиржам бўламан, сизлар ҳам сайёҳ юрмайсизлар.

—  Худди кўнглимдаги гап бўлди-да, — деди отам ҳам бу гапдан қувониб. 

Шу билан амакимнинг ўғли иккимиз шаҳардаги уйда яшайдиган бўлдик. Ярим йилча биз ҳам, уйдагилар ҳам хотиржам яшадик. Аммо ярим йилдан сўнг амакимнинг ишлари юришмай, уйни сотадиган бўлиб қолди. Табиийки, биз энди ижара уй топишимиз зарур эди. Чунки талабалар ётоқхонасидаги барча хоналар ҳам йил бошида банд бўлиб бўлган. 

—  Менинг иккита курсдош ўртоғим битта ижара уйда туради. Шуларнинг ёнидан жой олсак-чи? — деб қолди амакиваччам.

—  Пули қанақа бўлади, унда?

—  Тўрталамизнинг ўртамизда бўлинади. 

—  Яхши. Арзон ҳам тушаркан, — дедим кайфиятим кўтарилиб. 

Аммо бу режамиз амалга ошмади. Чунки ижара эгаси “Агар тўрт киши турсаларинг ижара ҳақи ошади”, дебди. Бундан ҳафсаламиз пир бўлди. Алоҳида ижара уй қидиришга тушдик. Талаба учун нарх биринчи ўринда туради. Биз ҳам арзон уй қидирарик. Охири топдик ҳам. Ҳовли экан. 

—  Уй тоза, кенг, ҳамма нарсаси бор. Фақат озода сақласаларинг бўлди, — деди миллати бошқа бўлган, кекса кампир ўзбек тилида зўрға сўзлаб. — Қизларни олиб келишни хаёлларингга ҳам келтирмаларинг. Мен мана бу рўпарадаги “дом”да тураман.

—  Хўп, хўп, — дедик икки қўлимиз кўксимизда бўлиб. 

Ич-ичимиздан иккимиз ҳам хурсандмиз. Арзонга бутун жиҳозлари бўлган ижара уйга эга бўлдик ахир.

—  Кампир нарх-навони билмайди, шекилли, — деб қўяди амакиваччам ҳам оғзи қулоғидан бери келмай. 

Теримизга сиғмай кечгача нарсаларимизни жойладик. Уйдагиларимиздан арзон ижара уй топганимиз ҳақида суюнчи ҳам олдик. Кечки овқатни еб бўлганимизда ҳам димоғимиз чоғ эди. Энди ухлаш учун тайёргарлик кўраётганимизда кутилмаганда фильмлардаги каби минанинг чийиллашига ўхшаш овоз эшитилди. Фақат товуш паст эди. 

—  Ташқарида нимадир бўляпти-ёв, — деди амакиваччам. 

—  Уй ичидамасми?

Бу саволимдан у ҳам иккиланиб қолди. Бироз вақт ўтганидан кейин эса бемор одамнинг инқиллашини эслатувчи овоз яна бизни сергаклантирди. Хуллас, ўша тун бу воқеа икки-уч марта такрорланди. Мен ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Лекин сездимки, амакиваччам ҳам қўрқув ичида қолди. 

Амаллаб тонгни орттириб, дарсга жўнадик. Назаримда тунги воқеа иккаламизнинг ҳам ёдимиздан кўтарилди. Фақат кечки пайт яна такрорланганда сергакландик. Зўрға бир ҳафтани ўтказдик ва охири ижарачи кампирдан сўрашга мажбур бўлдик. 

—  Шунинг учун ҳам арзонда бу уй. Агар чидасаларинг яшайверинглар. Безиён овоз у. Қаердан келишини билмайман, — деди момо бизнинг кетиб қолишимиздан хавотирланиб. 

Аммо нима қилайлик? Биз бу уйни тарк этдик. “Арзоннинг оши татимас”, деб шунга айтишса керак-да!

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1