1

"Ўзига хос таассуротлар билан қайтяпмиз" - Дилшодбек Каттабеков

МАДАНИЯТ 30.10.2022, 18:49
"Ўзига хос таассуротлар билан қайтяпмиз" - Дилшодбек Каттабеков

Вилоятда "Кинокарвон" тадбирлари бўлиб ўтди.

23-29 октябрь кунлари Наманган вилоятида 200 га яқин маънавият тарғиботчилари, шоирлар, ёзувчилар, эстрада хонандалари, таниқли саньаткорлар ва ўз навбатида 30 дан ортиқ Кинематография агентлиги вакиллари ва киноижодкорлар наманганликлар билан мулоқотлар ва ижодий учрашувлар ўтказишди. 

Тадбирлар давомида Ўзбекистон халқ артистлари Дилором Каримова, Муҳаммадсоли Юсупов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдуҳалил Мигноров, Матёқуб Матчонов, Гулчеҳра Саъдуллаева, Анвар Азимов, Алишер Отабоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр ва актёр Ҳилол Насимов, шунингдек, Мукаррама Бекмуродова, Хуршид Тўхтаев, Дилшодбек Каттабеков, Маъруф Отажонов, Ҳушнуд Сайфуддинов, Отабек Ҳақбердиев, Фарҳод Худойбердиев, Улуғбек Юнусов, Бобур Арслонов, Фотиҳ Насимов, Акмал Назаров, Зухриддин  Режаметов каби актёрлар иштирокида ижодий учрашувлар ҳам ташкил этилди.
 


Шу билан бирга, “Кинокарвон” тадбирлари доирасида Наманган вилоятининг барча ҳудудларида  “Муҳаббат баҳори”, “Аёл қалби”, “Бир кунлик тўй”, “101 рейс”, “Мерос”, “Пулинг бўлса”, “Аёл қисмати”, “Барон 2. Соғинч” ва “Ватан остонасида” каби 15 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг намойишлари ўтказилиб, миллий фильмлар намойиши юқори савияда ташкил этилди. 

“Наманган вилоятидан ажойиб, ўзига хос таассуротлар билан қайтяпмиз. Биз санъаткорлар водийга ҳар сафар бошқача иштиёқ билан ташриф буюрамиз. Бу ерда ҳамманинг кўнгли санъатга ошуфта, ижодни севишади. Мамлакат бўйлаб кинотарғибот ўтказаётган “Кинокарвон” жамоаси 23-29 октябрь кунлари Наманганда ижодий учрашувлар ва янги филмлар намойишини ўтказди. Ушбу воқеликларда мен ҳам бевосита иштирок этганимдан жуда ва жуда мамнунман. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳудудларда ташкил этилган ижодий кечалар, тадбирлар ва байрам дастурлари чинакамига “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиорига ҳамоҳанг тарзда ўтди. Ўйлайманки, бундай тадбирлар давомий бўлади ва биз санъаткорларни халқимизга янада яқинлаштиради.” – дея ўз фикрларини билдирди актёр Дилшод Каттабеков.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган тадбирларнинг охирги кунида вилоят ҳокимлиги томонидан байрамона катта тадбир ташкил этилди ва тарғибот ишларида фаол иштирок этган тарғиботчиларга ташаккурномалар топширилди.

“Авваламбор шуни айтишим керакки, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Наманган вилоятида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар аҳоли вакилларига кўтаринки кайфият бахш эта олди. Наманганликлар ўзига хос маънавий озуқа бера оладиган филмлар намойишидан мамнун эканликларини билдирганлари ҳам қувонарлидир. 
Биласизми, намойиш этилган фильмлар ва таниқли киноижодкорлар билан мулоқотлар менга жуда ҳам манзур келди. Президентимизга мана шундай ташаббусни илгари сурганлари учун миннатдорлигимни билдириб қоламан. Шу билан бирга Кинематография агентлигига ҳам ташаккур дейман. Намойиш этилган фильмларнинг барчаси менга жуда ёқди. Бундай фильмлар ватанимизнинг қадрига етиб, тинчлигимиз энг катта бойлигимиз эканлигини ҳамиша ҳис қилиб яшашга ундайди. Огоҳлик давр талаби бўлиб турган бир пайтда бундай фильмлар ҳар қандай кишини сергак тортишга ва огоҳ бўлишга чорлайди.
Вилоятимиз туманларида “Кинокарвон” тадбирлари яна ташкил этишлишини кутиб қоламиз!” – дея фикр билдирди Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрор Мансуров.

Маълумот учун, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган тадбирлар жорий йилда Қорақалпоғистон республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона каби қатор вилоятларда ҳам ташкил этилган эди. Йил якунига қадар яна бир қатор ҳудудларда ижодий сафарлар ташкил этилиши режалаштирилган.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1