Президент Шавкат Мирзиёев Париж ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди

СИЁСАТ 23.11.2022, 09:01
Президент Шавкат Мирзиёев Париж ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга икки кунлик расмий ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи самарали бўлди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Франция Миллий йиғини Раиси билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Франция Президентлари Елисей саройида музокара ўтказдилар, рафиқалари билан биргаликда Лувр музейи ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган йирик кўргазмалар билан танишдилар.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарлари юксак даражадаги кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш мақсадида Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Умуман, Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 14 та келишув қабул қилинди. Франция тараққиёт агентлиги билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.

Маданий-тарихий мерос, мактабгача, халқ ва олий таълим, давлат хизматини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар ҳам имзоланди.

Фуқаролик авиацияси, коррупцияга қарши курашиш, судьяларнинг малакасини ошириш, француз тилини ўқитиш ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар қабул қилинди.

Умумий қиймати 6 миллиард евродан зиёд бўлган савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан икки томонлама келишувларга эришилди.

Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, “Париж-Орли” аэропортида олий мартабали меҳмонни Франция ҳукуматининг расмий шахслари кузатиб қўйди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+0.97° ҳаво очиқ
Валюта курси
11203.13
USD -9.84
11604.20
EUR -18.04
183.91
RUB 0.29
1