Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул шахслари 90 мингдан ортиқ дона суюқ совунни қиммат нархларда харид қилиб, 1,1 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, бошқарма масъуллари 90 863 дона суюқ совунни қиммат нархларда харид қилган. Оқибатда 1,1 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






