АсосийЖАМИЯТ

Андижонда 29 миллион долларлик паррандачилик кластери фаолият юритмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Балиқчи туманидаги “Сокин савдо сервис” паррандачилик кластери фаолияти билан танишди.

'Андижонда 29 миллион долларлик паррандачилик кластери фаолият юритмоқда'ning rasmi

2010 йилда ташкил этилган кластер бугунги кунда Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та хўжаликни бирлаштирган. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади.

Кластерда озуқа тайёрлашдан тортиб, парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилган. Гўштни қайта ишлаш мажмуаси автоматлаштирилган бўлиб, юқори гигиеник талабларга жавоб беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Айни пайтда кластерда 417 нафар киши меҳнат қилмоқда.

Мажмуада 1,5 миллион дона бройлер товуғи парваришланмоқда. Корхона йилига 8,2 миллион дона бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш қувватига эга. Шунингдек, йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш имконияти мавжуд.

Маҳсулотлар “Ҳалол”, HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлаб чиқарилади.

Жорий йилдан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилган. Ҳозирда 25 минг дона наслли она товуқ парваришланмоқда. Йилига 9 миллион дона тухум олиш ва улардан 7,6 миллион дона бройлер жўжа етиштириш режалаштирилган.

2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линияси ишга туширилади. Шунингдек, парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Бу икки лойиҳага 10 миллион доллар йўналтирилиши белгиланган.

Шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келган паррандачилик хўжаликларини кластер билан ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилмоқда. Бу орқали 350–400 та иш ўрнини қайта тиклаш ва қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш имконияти яратилади.

Давлат раҳбарига кластердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар ҳамда келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда 29 миллион долларлик паррандачилик кластери фаолият юритмоқда - Darakchi.uz