1

Ўзбекистон МДҲ зиёлиларининг навбатдаги форумига мезбонлик қилди

МАДАНИЯТ 14.12.2022, 12:44
Ўзбекистон МДҲ зиёлиларининг навбатдаги форумига мезбонлик қилди

12–13 декабрь кунлари Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг ХV форуми бўлиб ўтди. Анжуманда Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, маҳаллий ва хорижий олий ўқув юртлари раҳбарлари, чет эллик соҳа мутахассислари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

"Гуманитар ҳамкорлик: 30 йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари" мавзусига бағишланган форумда ривожланиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, форум доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида МДҲ Ёшлар симфоник оркестрининг концерт дастури бўлиб ўтди.

Форум давомида ҳар йили фан ва таълим, маданият ва санъат, гуманитар йўналишда самарали фаолият олиб бориб, Ҳамдўстлик ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Россия, Тожикистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Қирғизистон вакиллари “Ҳамдўстлик юлдузлари” ва “Ҳамдўстлик дебютлари” халқаро мукофотлари билан тақдирланди. 

Қувонарлиси, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ва “Профи Солушнс” компанияси архитектор-дизайнери Икром Ҳайдаров ҳам эътироф этилганлар қаторидан ўрин олди.

Анжуман давомида МДҲ давлатларидан келган 200 дан ортиқ соҳа мутахассислари ва маҳаллий мутахассислар ўртасида фан, таълим, спорт, туризм ва бошқа соҳалардаги ривожланиш борасида фикр алмашилди, ёшларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, соҳаларни ривожлантириш учун қилинажак ишлар юзасидан қатор келишувларга эришилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1