Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги интернетда семириш, туғруқдан кейинги семириш ва қориннинг осилиши, ортиқча овқатланиш, гормонал бузилиш ҳолатларида энг хавфсиз ва самарали вазн йўқотиш воситаларидан бири сифатида сотилаётган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” огоҳлантирмоқда.
Таркиби 100% табиий гиёҳлардан тайёрланган, организмга ҳеч қандай зарари йўқ маҳсулотлиги айтилиб сотилаётган ушбу маҳсулот таркибида кучли таъсир қилувчи сибутрамин моддаси борлиги аниқланди.
Агентлик томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан олиб келинган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” препарати таркибида сибутрамин моддаси аниқланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ашёвий далил сифатида олинган.
Давлат марказининг Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси экспертининг ҳисоботига кўра, капсулаларда сибутрамин гидрохлорид моногидрат моддаси борлиги аниқланган.
Таркибида сибутрамин бўлган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулоти на дори воситаси сифатида на биологик фаол қўшимча сифатида Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган!
Амалдаги тартибга кўра, таркибида кучли таъсир кўрсатадиган дори воситаларини рецепт бўйича чакана сотиш тартибини бузганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш бошланган ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 18 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.






