Аввалроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш бошланган.
Самарқанддаги болалар шифохонасида "Dok-1 Maks" препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани юзасидан Болалар омбудсмани текширув ўтказгани маълум қилинди.
Аниқланишича, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.
Беморлар яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида "Dok-1 Maks" препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини айтишган.
Шунингдек, хабарда келтирилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган "Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисида" ги низомга (22.02.2019 йил рўйхат рақами 3138) кўра даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган, лекин вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Кўп ўтмай Қирғизистонда ҳам "Dok-1 Maks" дори воситаларининг савдоси тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эдик.