Ёшликда берган кўнгил

МУТОЛАА 19.09.2016, 16:11
Теглар: Муҳаббат, Юрагимда сақлаганларим
Ёшликда  берган  кўнгил

Автобусни кутиб бекатда узоқ туриб  колдим. Кечки пайт бўлгани сабабли, автобуслар қатнови сийраклашиб қолганди. Бекатда совуқдан жунжикиб турарканман, эллик ёшлар атрофидаги бир аёл келиб,  бекатдаги ўриндиқлардан бирига ўтирди. Шу пайт бекатга яна бир аёл келди. Иккаласи таниш экан, сўрашиб кетишди.
— Кечга қолиб, қаердан келаяпсиз?
Биринчи аёлнинг кайфияти жуда яхши эди, кулганча жавоб берди:
— Асти сўраманг, қаердан келаётганимни айтсам, ҳайрон қоласиз.    Синфдошларимнинг тўйидан, — деди совуққонлик билан. Иккинчи аёл ростакамига ҳайрон булди.
— Ие, сизнинг ёшингизда ҳам синфдошларнинг тўйи бўладими?
— Ҳа, бўларкан. Икки синфдош ўртоғим оила қуришди. Сизга айтсам, улар ниҳоят ўз севгиларига эришишди. Уларни муҳаббатларининг тарихи жуда узун. Ёшликда берган кўнгил айрилмас бўлади, дейишади-ку. Бу гапнинг ҳақиқатлигига энди ишондим. Роҳила исмли қизимиз Равшан деган синфдошимиз билан дўстлашиб юрарди.  Мактабни тугатганимизча уларнинг дустлиги севгига айланди. Ҳамманинг уларга ҳаваси келарди. Сабаби, улар узукка кўз қўйгандек бир-бирларига мос эди-да. Мактабни тугатиб, олийгоҳга ҳам бирга киришди, бир гуруҳда ўқий бошлашди. Талабалик йиллари Роҳилани бошқа бир курсдоши ҳам қаттиқ севиб қолди. Гарчи Роҳила Равшанни севса-да, уни Равшандан кам севмайдиган Санжар исмли курсдош йигитидан ҳам қутила олмай қолди. Беш йиллик ўқишлари давомида унга эришиш учун нимани қилиш керак бўлса, барини қилди йигит. Охири Равшандан уни тортиб олиб уйланди ва ўз юрти – Фарғонага олиб кетди. Аламдан эзилган Равшан ҳам бошқа қизга уйланишга мажбур бўлди. Кейинчалик хотини билан Киевга кўчиб кетди. Хуллас, иккаласининг ҳам бошидан яхши-ёмон кунлар ўтиб, фарзандларини уйлантиришди. Бундан уч йил олдин Роҳиланинг эри вафот этиб, ёлғиз қолди. Бу орада Равшан ҳам хотини билан ажрашиб, ёлғиз ўзи яшаб юрган экан. Равшан ёлғиз қолганидан сўнг уч йил давомида Тошкентдаги дўстларига хат ёзиб, Роҳилани излабди. Лекин тополмабди. Оллоҳ истаса, ҳамма нарсанинг иложини қилади, дейишгани рост экан. Тасодифни каранг, Равшан иш билан Москвага борган экан. Борган куни негадир туни билан Роҳилани ўйлаб чиқибди. Иккинчи куни кўчага айланишга чиққанда хам уни ўйлашни канда қилмабди. Бир пайт қараса, қаршисидан хаёл суриб Роҳила келаётган эмиш. Буни карангки, 25 йилдан кўп вақт давомида кўришмаган бўлишса-да, бир-бировларини узоқдан танишибди. Маълум булишича, Роҳиланинг бир қизи Москвада яшаркан. Роҳила қизиникига меҳмонга келган экан. Равшан билан учрашган кунлари у ҳам туни билан олис муҳаббатини ўйлаб, ухлай олмай чиққан экан. Кундузи юраги сиқилиб, кўчани айланиб келиш учун чиқибди ва Равшанни учратиб қолибди. Улар бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашиб, куни билан бирга бўлишибди. Ўзларини учраштирган Оллоҳга шукроналар билдиришибди. Сўнг бир дақиқага ҳам ажралмасликка аҳд қилишибди. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, Тошкентга қайтишибди. Сабаби, Роҳила эрининг маъракаларини ўтказиб, йилини берганидан сунг Фарғонадаги уй-жойини ўғли ва келинига қолдириб, ўзи қариндошларига яқинроқ бўлиш мақсадида Тошкентга кўчиб келган экан. Хуллас, улар Тошкентга етиб, қариндош-уруғларини уйларига чақириб, ўз ниятларини билдиришибди. Ҳаммалари уларнинг қарорини маъқуллашибди. Бугун уларнинг тўйлари муносабати билан уюштирилган зиёфатга борган эдим. Роҳила билан яқин дугонаман. Йиллар давомида дўстлигимиз бузилмаган. Шунинг учун бу гаплардан биринчи бўлиб, мен хабар топдим ва елиб-югуриб тўйларига бош-қош бўлдим. Ана шунака гаплар, — дея ўз ҳикоясини тугатди биринчи аёл.
— Жуда ажойиб воқеа,  — деди ҳайратланиб, иккинчи аёл. Шу пайт улар кутган автобус келдию, ҳар иккаласи автобусга ўтириб кетиб қолишди. Яна ёлғиз колдим. Аслида мен кутган автобус бундан неча дақиқа олдин келиб-кетганди. Мен аёлнинг ҳикоясини охиригача эшитиш мақсадида унга чиқмагандим. Ниҳоят, мен кутган автобус келди. Уйимга кетарканман, совуқни ҳам унутгандим. Қалбимни ажиб бир илиқлик эгаллаганди.

Анжела  Рўзиматова

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1