АсосийMutolaa

Синоат: Актёрларга фалокат келтирувчи роллар

Гоҳида актёр ва актрисаларнинг салбий роль ижросидан чўчиши ҳақида эшитиб қоламиз. Айниқса, қаҳрамон фожиали вафот этса, бирор дуоибадга йўлиқса ёхуд бедаво дардга чалинса, юрагида ўти борлар ҳам ўйланиб қолишади. Аслида ҳам экрандаги роллар ҳаётга кўчиши ростми? Афсуски, айрим хориж ижодкорларининг тақдири экрандаги каби якун топган...

“УСТА ВА МАРГАРИТА”НИНГ ҒОЙИБ БЎЛИШИ

Мазкур асарда роль ижро этишни кўпчилик санъаткорлар истамаган. Асарни театрда саҳналаштириш учун ҳам кўп йиллар керак бўлди. Чунки ролга тасдиқланганлар кутилмаганда хасталаниб қолишар ёки бирор фалокатга йўлиқишар эди. 

90-йилларда режиссёр Юрий Кара фильмни ўз талқинида суратга олади. Картина премьераси 1994 йилга белгиланганди. Бироқ номаълум сабабларга кўра фильмни қайта суратга олишни бошлашди. Кўп ўтмай, режиссёр ва продюссер ўртасида низо келиб чиқиб, иш судгача етиб боради. Содир бўлаётган воқеалар худди “Уста ва Маргарита” оммага ҳавола этилмаслиги учун атай қилинаётганга ўхшарди. Аммо бу кимга керак? Ёки ким амалга ошираяпти? Ижодий гуруҳ ичида тушунмовчиликлар тугаллангунича асарнинг асл нусхаси продюссерлик компаниясининг қўриқлаш хизмати бошлиғига топширилади. Аммо кўп ўтмай, унинг вафот этгани ҳақида хабар келади. Асл нусха ҳам изсиз йўқолган. Бир аср кутилган премьера эса 2011 йилда амалга оширилади. Бу сафар “Уста ва Маргарита” ижодкорларга шафқат қилди чоғи, бирор кўнгилсизлик кузатилмади. 

БЭТМЕН РАҚИБИНИНГ ФОЖИАЛИ ЎЛИМИ
Кўршапалак ниқобида ҳаракатланувчи суперқаҳрамоннинг рақиби ёвуз Жокерни илк бор Жек Николсон ижро этган. Ўшанда актёрнинг тақиқланган препаратлар қабул қилиши ҳақида хабар тарқаганди. Унинг ўзи ҳам қандайдир тушунарсиз ҳолатда бўлганини кўп бор таъкидлайди. Фильмнинг кейинги қисмларида бу роль Хит Леджерга берилади. Премьерадан сўнг Хит суратга олиш давомида кучли таъсирга эга антидепрессант қабул қилгани фош бўлади. Уни бу ишга нима мажбур қилган? Наҳот роль бўлса? Ахир ёвуз қаҳрамонни гавдалантириш осон иш эмас. Мухлислар актёрга ён босишга ҳаракат қилишган бўлса-да, рафиқаси ҳам сўнгги пайтларда Хитнинг ўзгариб қолганини айтади. Фильм катта экранларга чиққанидан сўнг Леджерни жонсиз ҳолатда топишади. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, жасад атрофида турли препаратлар қутиси сочилиб ётган. Актёр образдан чиқиб кетолмаганидан дори миқдорини ошириб юбориб, ҳалок бўлади. Қизиғи, Леджер вафот этганида ҳам Жокер гримида эди. Фильмда ҳам Жокер ўлими ҳақида шундай саҳна бор.

“СУПЕРМЕН”НИНГ ҚУРБОНЛАРИ
Ғайритабий кучга эга миллий қаҳрамон тўғрисидаги фильм атрофида ғалати гаплар юради. Айтишларича, бош роль образининг аллақандай дуоибади бор эмиш...

Лаънатланган роль занжири Суперменнинг илк ижрочиси Кирк Элиндан бошланади. Шу ролдан сўнг актёрнинг карьреаси чаппасига кетди. Яхшиям кейинги қурбонлар сингари балою офатларга учрамади, тирик! Суперменнинг иккинчи ижрочиси Жорж Ривз эса ўз уйида ўлик ҳолатда топилган. Ёнида милтиқ бўлса-да, чиндан ўз жонига қасд қилганми ёки қотилликми, бу шу кунгача маълум эмас. Фильм қаҳрамонини тўрт карра ижро этиб, ҳеч қандай дуоибад йўқлигига ишонтиришга уринган Кристофер Рив кейинги воқеаларни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Аввалдан спорт билан шуғулланиб келган Рив отдан йиқилиб, умуртқаси жиддий шикастланади. Бундай жароҳат билан на катта спортда, на экранга чиқиб бўларди. 

Дуоибат нафақат бош қаҳрамонни, балки унинг севгилисини ижро этган актрисаларни ҳам аяб ўтирмади. Ривга партнёрлик қилган актриса Марго Кидлерда биополяр бузилиш ҳолати аниқланади. Кунлардан бирида эса Марго бир неча кун изсиз ғойиб бўлади. Қидирув давомида уни кўча дайдилари орасидан топишади. 

“Суперменнинг қайтиши” номи билан фильмнинг янги қисмларини суратга олган продюссер Роб Барнетт иримларга ишонмаслигини айтганидан кейин орадан кўп ўтмай, кўча безорилари томонидан калтакланади. Унинг ассистентлари эса суратга олиш майдонида зинадан қулаб тушиб, тан жароҳати олишади. Фильм муҳаррири Адам Робителнинг умуртқаси бахтсиз ҳодиса туфайли жароҳат олади. 

Шуниси қизиқки, дуоибат чиндан бўлса, нега у айрим актёрларни четлаб ўтган?  Масалан, 2006 йил бош роль учун ҳеч кимга таниш бўлмаган актёр Брэндон Рут синов топширади. Бу унга омад келтиради. “Супермен” Генри Кавилл учун ҳам бахтли чипта бўлган. 2006 йилдаги синов кўригидан ўтолмаган бўлса-да, 2013 йилдаги “Пўлат одам” фильмига тасдиқланади.

Бошқа янгиликлар