Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон автомобиль саноати Туркий автосаноат альянси доирасида Озарбайжонда UzAuto Motors автомобилларини тўлиқ силкда (CKD) ишлаб чиқаришни ташкил қилди. Бу ҳақда UzAuto Motors матбуот хизмати хабар бермоқда. Бу эса ўз навбатида автомобиль сотиш билан бирга уларга хизмат кўрсатишни яхши йўлга қўйилишига зарурат яратади.
Ҳозирги шароитда автосервис корхоналарининг аҳамияти сезиларли даражада ошиб бормоқда. Автомобилларни сотиш ва сотувдан кейин хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот ва коммуникация хизматларидан кенг фойдаланиш талаб этилади. Шунингдек, автомобиль моделининг мунтазам янгиланиб бориши натижасида автомобиль сервисидан янги турдаги хизмат кўрсатиш ишларига тезкор мослашувчанлик қобилиятини талаб қилади. Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, UzAuto Motors АЖ вакиллари Озарбайжонга ишчи ташриф билан борди.
Ишчи ташриф давомида UzAuto Motors АЖ Сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш дирекцияси ходимлари томонидан дилер ва дистрибютерлар учун мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда самарали савдони йўлга қўйишга ёрдам берувчи семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.

Тренинг давомида дистрибюторлик компанияси вакиллари учун GM (Global Connct) Глобал тизими тўғрисида, хусусан Глобал кафолат бошқаруви (GWM), Эҳтиёт қисмлар электрон каталоги (EPC), Техник маълумотлар ва диагностика тизими (GSI) тўғрисида батафсил маълумот берадиган тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, ички бозордаги дилерларнинг фаолияти, компания техник маркази фаолияти, истеъмолчиларга кафолатли хизмат кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича тушунтиришлар олиб борилди.

“Компания вакиллари ва дилерлик корхоналар ўртасида мижозларга хизмат кўрсатишни юқори даражада таъминлаш учун бундай учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб борилади. Бу тенденцияга айланиб улгурди. Йил аввалида, бундай тренингни Қозоғистондаги ҳамкасблар билан амалга оширгандик. Бундай ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, мутахассисга малака ошириш билан бир қаторда, тажриба ва кўникмани алмашишга имкон беради.”– дейди UzAuto Motors Сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш дирекцияси директори Нодира Ходжиматова.
Ўқув-машғулотлар сўнггида лойиҳа муаллифлари иштирокчиларга сертификатлар топширишди.




