”Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Рўзуқулов Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси этиб сайланди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Шанба куни МОҚда бўлиб ўтган федерациянинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида федерация бош ҳомийси ҳисобланган компания раҳбари номзоди бир овоздан маъқулланди.
У. Рўзиқулов билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Президентимизнинг “Гимнастика спорт турларини яна-да ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, мавжуд муаммо ва масалаларни ҳал этиш, гимнастика ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади. Шунингдек, у ҳудудларга эътиборни яна-да кучайтириш, вилоятлардаги моддий-техник базани кучайтириш, спортчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш каби масалаларга ҳам тўхталди.






